Жаҳон | 14:22 / 18.12.2023
7796
2 дақиқада ўқилади

ҲАМАС вакиллари Туркияда махфий музокаралар ўтказди

Яширин учрашувда ҲАМАС сиёсий бюроси раиси ўринбосари Солиҳ ал-Арурий, ҳаракатнинг собиқ раҳбари Холид Мешал ва бир қатор бошқа шахслар иштирок этган. Музокаралар чоғида Исроил билан зиддиятдаги кейинги қадамлар муҳокама қилинди.

Туркияда Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳи вакиллари махфий учрашуви бўлиб ўтди. Унда ҲАМАС сиёсий бюроси раиси ўринбосари Солиҳ ал-Арурий, гуруҳ собиқ раҳбари Холид Мешал ва бошқа бир қатор юқори мартабали вакиллар иштирок этди, деб хабар берди 18 декабр, душанба куни Исроилнинг Kan радиоси. Учрашувда ҲАМАСнинг Исроил билан зиддиятдаги кейинги қадамлари муҳокама қилинди.

Радиостанциянинг қайд этишича, ҲАМАС етакчилари Исроил разведка хизматлари масофадан туриб музокаралар чоғида айтилган гаплардан хабар топиши мумкинлигидан ташвишланиб, шахсан учрашишга қарор қилган. Kan маълумотига кўра, Туркиядаги учрашувда бошқа масалалар қатори Ғазо сектори ва Ливандаги жангчилар фаолияти, шунингдек, гаровга олинганларни алмашиш бўйича янги келишув муҳокама қилинган. 

Янги оташкесимга тайёргарлик 

17 декабр куни Reuters манбаларига таяниб, Исроил ва ҲАМАС Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш режимини тиклашга тайёрлигини маълум қилди. Янги вақтинчалик оташкесим эълон қилиш учун ҲАМАС бир томонлама озодликка чиқариладиган гаровга олинганлар рўйхатини тузишни талаб қилмоқда. Жангчилар, шунингдек, Исроил армияси олдиндан келишилган чизиқларга чекинишини кутмоқда, бироқ Reuters агентлиги ёзишича, Исроил охирги талабга рози бўлмаган. 

Миср ва Қатар Исроил ҳамда ҲАМАС ўртасидаги музокараларда воситачи сифатида қатнашиб, ўз шарти сифатида сулҳ бошланишидан олдин Ғазо сектори жанубида яна бир назорат-ўтказиш пункти – Керем Шалом очилишини талаб қилди. 17 декабрда ушбу назорат-ўтказиш пункти очилган, бироқ у орқали инсонпарварлик ёрдамларини ташиш ҳали бошланмади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид