Жаҳон | 11:35 / 18.12.2023
7637
2 дақиқада ўқилади

Шимолий Корея 12 соат ичида иккинчи баллистик ракетани учирди

Япония соҳилни қўриқлаш хизмати маълумотларига кўра, Шимолий Кореянинг баллистик ракетаси учирилганидан бир соат ўтиб Хоккайдо ороли ғарбидаги денгизга қулаган.

Фото: Ahn Young-joon/AP Photo/picture alliance

Шимолий Корея 12 соат ичида иккинчи баллистик ракетасини учирди. Бу ҳақда 18 декабр, душанба куни Жанубий Корея Қуролли кучлари штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси хабар берди. Таъкидланишича, ракета Пхенян яқинидаги ҳудуддан денгиз томон учирилган.

Шимолий Корея баллистик ракета учиргани ҳақидаги маълумотни Япония Мудофаа вазирлиги ҳам тасдиқлаган. Япония соҳилни қўриқлаш хизмати маълумотларига кўра, ракета учирилганидан бир соат ўтиб Хоккайдо ороли ғарбида денгизга қулаган. Шимолий Корея ракетаси тахминан 6000 км баландликка кўтарилган, унинг парвоз масофаси 1000 кмни ташкил этган, дея аниқлик киритди Япония Мудофаа вазирлиги. Вазирлик баёнотида айтилишича, Токио Пекиндаги дипломатик каналлар орқали Пхеняннинг ракета учириши юзасидан кескин норозилик билдирган. 

Қисқа масофали ракета учирилиши 

Аввалроқ, 17 декабр оқшомида КХДР қисқа масофага учувчи баллистик ракетани учирганди. Жанубий Корея ҳарбийларига кўра, ракета тахминан 570 км масофани босиб ўтган ва денгизга қулаган. Унинг учирилиши Шимолий Корея собиқ етакчиси Ким Чен Ир вафотининг 12 йиллигига тўғри келди. 

Қўшма Штатлар 17 декабр куни Шимолий Корея баллистик ракеталарни учирганини қоралади. «Бу ҳолатлар БМТнинг кўплаб резолюцияларини бузади, Шимолий Кореянинг қўшниларига таҳдид солади ва минтақавий хавфсизликка путур етказади», — дейилади Давлат департаменти баёнотида. 

Мавзуга оид