15:49 / 18.12.2023
10665

Тошкент шаҳрида ижара нархлари пасайди

Ноябр ойи давомида пойтахтнинг 10 та туманида ижара нархининг пасайиши кузатилган. Ижара учун энг қиммат нархлар Шайхонтоҳур (1 квадрат метр учун 11,6 доллар), Яккасарой (10,9 доллар) ва Миробод (11,5 доллар) туманларида қайд этилган.

Фото: Kun.uz

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ўзининг навбатдаги шарҳида кўчмас мулк бозорида юз берган ўзгаришларни таҳлил қилди.

Ноябрда кўчмас мулк савдоси 4 фоизга ошган. Ўтган ой давомида фаолликнинг энг кўп ўсиши қуйидаги вилоятларда қайд этилган: Хоразм – 23 фоиз, Наманган – 16 фоиз, Жиззах – 12 фоиз.

Йил давомида эса уй-жой савдоси 10 фоизга камайган. Фаолликнинг энг кўп пасайиши Навоий ва Жиззах вилоятларида қайд этилган бўлиб, мос равишда 23 фоиз ва 18 фоиз. Пойтахтда сотувлар ўтган йилга нисбатан 24 фоизга камайган.

Тошкентда уй-жой ижараси бозоридаги вазият

Ноябр ойида Тошкент шаҳрида уй-жой ижарасининг ўртача нархи октябр ойидаги 9,5 долларга нисбатан 2,1 фоизга пасайиб, 1 квадрат метр учун 9,3 долларни ташкил этган.

Ижара учун энг қиммат ҳудудлар сифатида Шайхонтоҳур (квадрат метр 11,6 доллар), Яккасарой (10,9 доллар) ва Миробод (11,5 доллар) туманлари келтирилган.

Пойтахтдаги уй-жой ижараси Учтепа (8,1 доллар), Сергели (7,1 доллар) ва Бектемир (6,2 доллар) туманларида энг мақбул нархларда қолмоқда. Шу билан бирга, пойтахтда ўртача ижара нархи ўтган йилга нисбатан 6,1 фоизга, йил бошидан буён эса 9,2 фоизга арзонлашган.

Иккиламчи кўчмас мулк бозори

Ноябр ойида иккиламчи бозорда уй-жой нархининг ўртача ўсиши бир квадрат метр учун 0,7 фоизни ташкил этди, нархлар йиллик нисбатда 18,2 фоизга ошган.

Йил давомида Хоразм (32,9 фоиз), Тошкент (31 фоиз) ва Бухоро (26,9 фоиз) вилоятларида иккиламчи бозорда уй-жой нархининг сезиларли ўсиши қайд этилган.

Тошкент шаҳрида ноябр ойи давомида иккиламчи уй-жой нархи 0,4 фоизга ошди. Пойтахтда нархларнинг энг юқори ўсиш суръатлари Шайхонтоҳур (1,7 фоиз), Юнусобод (1,6 фоиз) ва Сергели (1,5 фоиз) туманларида кузатилди. Йил давомида эса иккиламчи уй-жойларнинг ўртача нархи 22,8 фоизга қимматлашган.

Top