Жаҳон | 07:04 / 22.12.2023
6576
3 дақиқада ўқилади

«Мариуполда 20 кун» филми «Оскар» шорт-листига киритилди

Мстислав Черновнинг Мариупол шаҳрининг вайрон қилингани ҳақидаги филми «Энг яхши ҳужжатли тўлиқ метражли филм» ва «Чет тилидаги энг яхши филм» номинацияларида қайд этилди.

Фото: AP

Украиналик фотожурналист Мстислав Черновнинг «Мариуполда 20 кун» ҳужжатли филми Американинг «Оскар» киномукофоти шорт-листига кирди. Бу ҳақда 21 декабр, пайшанба куни Америка киноакадемияси сайтида маълум қилинди.

Таъкидланганидек, Украина филми «Энг яхши ҳужжатли тўлиқ метражли филм» номинациясида қайд этилган бўлиб, унда бош совринга даъвогарлар рўйхатида жами 15 та ҳужжатли филм бор. Бундан ташқари, «Мариуполда 20 кун» филми «Чет тилидаги энг яхши филм» номинациясига киритилган.

Ушбу номинация бўйича мукофотга 15 та номзод орасида, мактабда назоратдан ташқаридаги можаро ҳақида ҳикоя қилувчи, режиссёр Илкер Cатак томонидан суратга олинган «Ўқитувчилар хонаси» немис филми ҳам бор. Шунингдек, рўйхатда немис режиссёри Вим Вендерс томонидан суратга олинган Япониянинг «Мукаммал кунлар» филми ҳамда сценарий муаллифи, режиссёр ва бош актёр Майкл А.Гуржян иштирок этган Арманистоннинг «Америкалик» филми бор.

«Оскар»нинг якуний номинантлари 2024 йил 23 январда эълон қилинади, 96-топшириш маросими 10 мартга режалаштирилган.

«Мариуполда 20 кун» филми тарихи

Филмда Мариуполнинг вайрон бўлгани тасвирлари Россиянинг Украинага ҳужуми биринчи кунларида The Associated Press мухбирлари гуруҳи томонидан суратга олинган, унга, жумладан, украиналик фотомухбирлар Мстислав Чернов, Евгений Малолетка ва продюсер Василиса Степаненко кирган.

Мариуполга ҳужум куни, 2022 йил 24 февралда келган Чернов ва Малолетка маҳаллий касалхоналардаги шифокорларнинг ишини кўрган, тинч аҳоли орасида кўплаб қурбонларни қайд этган ва 15 март куни гуманитар коридор очилгандан кейин жўнаб кетган карвон таркибида шаҳарни тарк этган.

2023 йил январ ойида филм АҚШдаги Sundance мустақил кино фестивалида томошабинлар мукофотига сазовор бўлди. 2022 йил май ойида Евгений Малолетка ва Мстислав Чернов DW сўз эркинлиги мукофоти, декабрда эса «Чегара билмас мухбирлар» ташкилотининг матбуот эркинлиги учун мукофоти билан тақдирланди. Евгений Малолетка 2023 йилда World Press Photo танловида ғолиб чиқди, у аввал Британиянинг The Guardian газетаси томонидан йилнинг энг яхши фотосуратчиси деб тан олинган эди.

Мавзуга оид