Жаҳон | 10:12 / 25.12.2023
3490
1 дақиқада ўқилади

Индонезияда заводдаги портлаш оқибатида 13 киши ҳалок бўлди

Никелни қайта ишлаш заводида таъмирлаш ишлари вақтида портлаш содир бўлди. Камида 13 нафар ходим ҳалок бўлди, яна 38 нафари жароҳат олди.

Фото: AFP

Индонезиянинг Сулавеси оролида никелни қайта ишлаш заводида содир бўлган портлаш оқибатида камида 13 киши ҳалок бўлди, яна 38 киши жароҳатланди, дея хабар берди маҳаллий полиция 24 декабр, якшанба куни.

Портлаш эритиш печини таъмирлаш вақтида содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, суюқлик печнинг пастки қисмига тушиб кетган ҳамда портлашни келтириб чиқарган. Қайд этилишича, ҳалок бўлганлар орасида беш нафар Хитой фуқароси ҳам бор.

Хитой Сулавесида никелни қайта ишлашга катта сармоя киритмоқда. Хитойнинг Tsingshan концерни фожиа юз берган корхонага эгалик қилувчи Индонезиянинг ITSS компанияси энг йирик акциядори ҳисобланади. Никел, бошқа нарсалар қатори, электромобиллар учун аккумуляторлар ишлаб чиқариш мақсадида ишлатилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид