Жаҳон | 11:03 / 25.12.2023
7282
2 дақиқада ўқилади

Исроил Ғазо сектори жанубига ҳужумларини кучайтиряпти

ЦАҲАЛ асосий эътиборини ҳамасчиларнинг жанубий таянч нуқтаси бўлган Хон Юнус шаҳрини эгаллашга қаратмоқда. Ғазо сектори шимолидаги жанглар шиддати бироз пасайди, деди Исроил армияси вакили.

Фото: Global Look Press/Xinhua

Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) Ғазо сектори жанубида ҲАМАС ҳаракатига қарши ҳужум амалиётларини кучайтирмоқда. Бу ҳақда ЦАҲАЛ вакили Жонатан Конрикус 24 декабр, якшанба куни Американинг Fox News телеканалига берган интервюсида маълум қилди. 

«Биз жанубга қараб ҳаракатланмоқдамиз ва операция асосий кучларини ҲАМАСнинг бошқа таянч нуқтаси – Хон Юнусга жамлаяпмиз», деди у. Конрикуснинг қўшимча қилишича, Ғазо сектори шимолидаги жанглар «шиддати бироз пасайди».

Бир неча соат аввал Исроил армияси 23 декабр куни Ғазо секторида яна тўққиз нафар исроиллик аскар ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эди. Бу ҲАМАСга қарши операция бошланганидан бери бир кун ичида ҳалок бўлган ЦАҲАЛ аскар ва зобитларининг энг кўп сони. Шу тариқа, исроиллик қурбонлар сони 152 кишига етди. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди. 

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 20 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид