29 май куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Исроил ва Россияни можаро зоналарида жинсий зўравонлик содир этишда гумон қилинаётган давлатларнинг «қора рўйхати»га киритди.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ўтган йили Исроил ва Россияни «зўрлаш ёки жинсий зўравонликнинг бошқа шаклларини содир этишда ёки уларга масъул бўлишда ишончли тарзда гумон қилинаётган»лар рўйхатига киритилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирганди. Охирги ҳисобот айнан шуни амалга оширди.
Associated Press нашрининг ёзишича, 35 саҳифалик ҳисобот дунё бўйлаб можароларда жинсий зўравонлик содир этганликда ёки унга масъул бўлганликда гумон қилинаётган ўндан ортиқ мамлакатдаги 77 та ҳукумат ва нодавлат томонларни «қора рўйхат»га киритади. Унда айтилишича, ҳолатлар сони 2024 йилга нисбатан 2025 йилда кескин ошган.
Ҳисоботда Исроил ҳамда Россия қуролли ва хавфсизлик кучлари томонидан содир этилган даҳшатли зўравонликлар тавсифи ўрин олган.
Рўйхатга киритилиш санкциялар каби муайян жазо чораларини автоматик равишда келтириб чиқармаса-да, оммавий равишда номини ошкор қилиш ва қоралаш тегишли давлатларнинг обрў-эътиборига жиддий зарар етказиши мумкин. Шунингдек, рўйхатга қайта-қайта киритилган давлатлар БМТнинг тинчликпарварлик операцияларидан четлаштирилади.
Ваҳшийликлар ортиб бормоқда
БМТ бош котибининг можаролардаги жинсий зўравонлик бўйича махсус вакили Прамила Паттеннинг сўзларига кўра, БМТ томонидан глобал миқёсда тасдиқланган можаро билан боғлиқ жинсий зўравонлик ҳолатлари аввалги йилга нисбатан 2025 йилда 100% дан кўпроққа ошган. «Бу жуда хавотирли тенденция ва ҳали «айсбергнинг учи» холос», деди БМТ расмийси.
Бу йилги ҳисоботда айтилишича, 2025 йилда «БМТ Ғазо сектори ва Ғарбий Соҳилдан бўлган 14 нафар эркак, етти нафар аёл, тўққиз нафар ўғил бола ва бир нафар қиз болага нисбатан қийноқ шаклида қўлланилган можаро билан боғлиқ кўплаб жинсий зўравонлик ҳолатларини тасдиқлади».












