Иқтисодиёт | 07:52 / 25.12.2023
18000
2 дақиқада ўқилади

Корея Сирдарёда электроника маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиши мумкин

Сирдарё вилояти делегациясининг Жанубий Кореяга ташрифи чоғида самарали келишувларга эришилди.

Фото: Дунё АА

Сирдарё вилояти ҳокимининг ўринбосари Баҳодир Ботиров бошчилигидаги делегация Корея Республикасига амалий ташрифи доирасида ушбу мамлакатнинг бир қатор компаниялари ва олий таълим муассасаси раҳбарияти билан самаралари музокаралар ўтказди.

«Дунё» хабарига кўра, DHMT Global корпорацияси президенти Те Сук Ли билан мулоқот чоғида мазкур корпорация билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Музокара якунида вилоятнинг Мирзаобод туманида Komt бренди остида электроника ва микро-электроника йўналишида корхона барпо этиш бўйича инвестицион келишувга эришилди.

Келишувга мувофиқ, қурилиш ишлари 2024 йил февралдан июл ойига қадар давом этади. Ишлаб чиқариш жараёнларига 3 нафар кореялик тажрибали эксперт ва маҳаллий мутахассислар жалб қилинади. Шунингдек, корхонанинг ўзида ишсиз ёшлар сервис хизматига ўқитилади. Маҳсулотларни тўлиқ экспортга йўналтириш режалаштирилмоқда.

Evervolution Со. компанияси директори Жунг Те Кун билан бўлиб ўтган мулоқот чоғида Гулистон туманидаги фойдаланилмай турган ва ўзлаштириладиган ерларда Жанубий Корея тажрибаси асосида қиймати 12 миллион долларлик янги замонавий интенсив гилос боғи яратиш бўйича меморандум имзоланди.

Кореянинг энг илғор олийгоҳларидан бири бўлган Sun moon университети президенти Сеон Жу Хван ҳамда университет илмий жамоаси билан ўтказилган учрашувда вилоят иқтисодиёти ва саноат тармоғини ривожлантириш бўйича муҳим вазифаларни ҳал этишга қодир бўлган юқори малакали кадрларни тайёрлаш бўйича ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Сеон Жу Хван ҳамкорлик алоқаларини «Чунгнам – Марказий Осиё минтақавий инновацион истеъдодларни ривожлантириш лойиҳаси»нинг давоми сифатида кенгайтиришга тайёрлигини айтди.

Вилоятда Sun moon университети таълим стандартлари асосида кадрлар тайёрлаш, кореялик профессор-ўқитувчиларни Сирдарёга жалб қилиш, биргаликда илмий форумлар ташкил этиш, қўшма тадқиқот ва ишланмаларни йўлга қўйиш каби масалаларда ҳам ҳамкорлик келишувига эришилди.

Мавзуга оид