Жаҳон | 22:10 / 26.12.2023
22483
21 дақиқада ўқилади

Стратегик мудофаа йили. Украинанинг позицион урушдаги имкониятлари қандай?

Украинадаги уруш узил-кесил позицион ҳолатга ўтди: томонларнинг ҳеч бири йўл қўйиб бўлмайдиган даражада кўп ресурслар — техникалар, ўқ-дорилар, асосийси — инсонларни қурбон қилмасдан йирик амалиёт ўтказа олмайди. Украина қуролли кучларининг келгусидаги стратегияси муҳокамасида энди «қарши ҳужум» ўрнига бошқа бир атама янграмоқда — «стратегик мудофаа».

Дала истеҳкомлари — окоплар, бункерлар, доталар — мудофаа асослари, аммо ундаги асосийси — қўшиннинг ўзидир
Фото: AFP

Стратегик мудофаага ўтиш зарурати ҳақида BBC учун интервюсида Украина қуролли кучларининг собиқ бош қўмондони Виктор Муженко ҳам айтиб ўтган, шу билан бирга, унинг сўзларига кўра, агар бундай стратегияни оқилона ишлаб чиқса ва амалга оширса, Киев «Украина ҳудудидаги босқинчи қўшинларни тор-мор этиш имкониятига ҳам эга бўлиши»ни таъкидлаганди.

Эстония мудофаа вазирлиги томонидан тайёрланган катта ҳисоботда ҳам «Стратегик мудофаага ўтиш йили» ҳақида гап боради.

Позицион уруш деб жанглар қанчалик шиддатли бўлмасин, фронт чизиғида деярли ўзгаришлар бўлмайдиган мажбурий ҳолатга айтилади.

Тўғри, бундан ҳечдан кўра кеч қабилида фойда чиқариб олиш ҳам мумкин. Лекин барча замонавий қуролларга эга бўлган ҳар қандай армия қўмондонлиги одатда манёврли уруш олиб боришни афзал кўради.

Мақсадларидан келиб чиққан ҳолда позицион урушни ҳолдан тойдириш уруши деб ҳам аташ мумкин. Манёврли ёки «яшин тезлигидаги» урушлардан фарқли ўлароқ, бундай урушнинг мақсади рақиб армиясини тор-мор этиш, шаҳар ёки ҳудудларни эгаллаш, қандайдир стратегик муҳим позицияларга чиқиш эмас, балки душман армиясининг жанговар самарадорлиги ва умуман иккинчи давлатнинг мудофаа лаёқати, унинг халқи ва армиясининг қаршилик кўрсатиш қобилиятини сусайтиришдир.

Шу билан бирга, позицион можаро ўз-ўзича ғалаба билан тугамайди — у ёки ҳолдан тойган давлат ён беришга рози бўладиган вазиятга олиб келади ёки нисбатан фаол, манёврли урушга ўтишга шароит ҳозирлайди.

2022 йил кузидан 2023 йил ёзи охирига қадар Украинада ва Ғарбда кўпчилик сиёсатчилар ҳамда ҳарбийлар ёзги қарши ҳужумнинг зарурати ва аҳамияти ҳақида гапиришди ва улар фронтда айнан ҳал қилувчи зарба билан ғалаба қозонишни кўзлаганди.

Аммо бу қарши ҳужум олдинга кўзланган мақсадларига эриша олмасдан ниҳоясига етгач, бундай стратегия иш бермаслиги ва Киев Москва билан узоқ чўзилувчи ва ҳолдан тойдирувчи можарога киришиши аён бўлди.

Шу билан бирга, Кремлдагилар ҳарбий, иқтисодий ва демографик салоҳият Россияда Украинадагига қараганда юқорироқ эканига амин. Бундан ташқари, Россия раҳбарияти Украинага хориждан ёрдам келиши тўхташи, ғарбдагилар бу урушдан Россияга қараганда эртароқ чарчашига ишонмоқда.

Бундай ишонч, хусусан Владимир Путиннинг 14 декабр кунги «жонли мулоқоти» чоғида ҳам янгради, ўшанда у «ниманидир сақлаб қолишга уринаётган, аммо деярли ҳеч нарса ишлаб чиқармаётган» Украинадагидан фарқли ўлароқ, Россиянинг молиявий-иқтисодий тизими мустаҳкамлиги, армияси жанговар ҳолатдалигини таъкидлаганди. «Барчаси олиб келинади — одобсизлик учун узр, — барчасини текинга олиб келишади. Аммо бепул совғалар қачондир тугайди ва афтидан, аста-секин тугаб ҳам бормоқда».

Россия иқтисодиёти мустаҳкамлиги ва қарама-қаршиликка бардош бера олишига Владимир Путиннинг ишончи комил

Чиндан ҳам Украинанинг келгусида қўллаб-қувватланиши масаласи ноаниқ бўлиб қолмоқда — АҚШда Конгресс бу ёрдам тақдирини январда ҳал қилади, Европа ҳам ҳозирча Украина эҳтиёжлари учун янги молиялаштиришни тасдиқлай олгани йўқ.

Кўплаб экспертлар, жумладан Америкадаги Урушларни ўрганиш институти мутахассислари қайд этишича, «Ғарбдан ёрдам кутилмаганда тўхташи, катта эҳтимол билан, эртами кечми Украинанинг Россия армиясини тўхтатиб туриш қобилиятини йўқотишига олиб келади».

Украина ва унинг ҳамкорлари ғарблик сиёсатчиларга ҳеч бўлмаганда қандайдир истиқболларни тақдим эта оладиган ва Киевга ҳарбий ёрдам кўрсатиш масаласини ҳал этишга ёрдам берадиган режа ишлаб чиқиш орқали бу муаммони ҳал этишга уринмоқда.

Ноаниқлик ва у ёки бу даражадаги аниқ истиқболнинг мавжуд эмаслиги конгрессменларга ёрдам пакетини тасдиқлашга тўсқинлик қилмоқда — улар шунчаки Украина қуролли кучларини ғалаба аниқ тасвирга эга бўлмаган урушда қўллаб-қувватлаш учун қанча вақт маблағ сарфлашлари кераклигини аниқ билишмайди.

Декабр ойи бошида New York Times газетаси ёзганидек, Украина Қўшма Штатлар билан асосий мақсади — Украина қуролли кучлари назорат қилаётган ҳудудларни ушлаб қолиш бўлган стратегияни ишлаб чиқмоқда.

Нашр маълумотига кўра, америкаликлар диққатни шу асосий мақсадга қаратишни таклиф этмоқда, украиналиклар эса узоқ масофага аниқ борувчи қуролларни қўллаган ҳолда нисбатан фаол жанговар ҳаракатлар олиб боришни истамоқда.

Ҳозирда Россия Украинани мажбур қилаётган ўйинни ўйнаш, яъни янги йирик юришга тайёрланиш ўрнига ҳолдай тойдириш урушига киришиш ғояси тарафдорлари кўпаймоқда. Ва бу мантиқий ҳам — бошқа чиқиш йўли ҳозирча кўринмаяпти.

«Ҳолдан тойдириш уруши ҳеч кимга ҳеч қачон фойдали эмас, бундай урушга фақат нисбатан фаолроқ уруш олиб бориш иложи қолмаганида ўтилади, аммо ҳозирги ҳолатда бу Россияга қараганда Украина учун зарарлироқ: фронтдаги йўқотишлардан ташқари, миллионлаб қочқинлар, бутун мамлакат бўйлаб ракета зарбалари, инфратузилмалар ва иқтисодиётнинг вайрон бўлиши, умуман давлат учун ноаниқ истиқболлар — бир юриш билан тенденцияни бузишнинг имкони бўлмади, шунинг учун истиқболлар ҳақида яна бир ўйлаб кўриш керак», — дея ҳозирги вазиятни тасвирлаган исроиллик ҳарбий эксперт Давид Генделман BBC учун интервюсида.

Шундай бўлиб чиқди

Умуман олганда, Россия армияси ҳам, Украина армияси ҳам умуман окоп қазиб, вайронгарчилик урушига ўтишни ният қилмаганди.

2022 йил февралида Россия пойтахтга ёриб кириш ва Украинанинг ярмини эгаллаш орқали классик блицкриг амалга оширишга ҳаракат қилганди.

Россия армияси ва «ДХР» ҳамда «ЛХР» тузилмалари босқин бошида анча чуқур ёриб кириш орқали классик «яшин тезлигидаги уруш» тактикасини амалга оширишга уринишганди

Киевни олиш режаси ўхшамай, жанубда эса олдинга юриш тўхтаб қолгач, Россия Донбассда юриш бошлади, бу юриш ҳам табиати ва мақсадларига кўра қатъий эди: Россия қўшини украинларнинг мазкур ҳудуддаги йирик гуруҳини қуршаб олиш ва яксон қилишни кўзлаганди, аммо бу юриш ҳам муваффақиятсизликка учради — «қисқич» жанубида украин мудофаасини бузиб ўтиб бўлмади, шимолдаги ҳаракатлар эса мағлубият билан якунланди.

2022 йил сентябрида Россия қўшинларининг Харкив областидаги тарқоқ жойлашувидан фойдаланган Украина қуролли кучлари кузги қарши ҳужумни режалаштириш ва амалга оширишни уддалаб, катта ҳудудларни озод этди, кейин эса Россияни Херсондаги қўшинларини дарёнинг чап соҳилига олиб кетишга мажбур қилди.

Аммо шундан кейин икки томон ҳам Россия армияси босқин бошида Украина жанубида ёки Украина қуролли кучлари 2022 йил кузида Изюм атрофида эришгани каби катта ютуққа олиб келадиган бирорта йирик амалиёт режалаштира ва амалга ошира олмади.

2023 йилги қарши ҳужум вақтида Украина қуролли кучлари Россия мудофаасига 30 километр масофада ичкарилади, аммо олдинга қўйилган мақсад — Азовс денгизи бўйига чиқиш ёки ҳеч бўлмаганда соҳилга томон йўлдаги Токмак шаҳрини эгаллашни уддалай олмади.

Шу тариқа, уруш 2023 йил январидан май ойларига қадар ҳам позицион характерда эди, Украина қуролли кучларининг ёздаги қарши ҳужуми эса бу вазиятдан чиқиб кетиш нақадар қийинлигини намойиш этиб берди.

Нима учун позицион тупик юзага келди?

Уруш бундай ҳолатга келиб қолишининг бир қанча сабаблари бор.

Россияда сафарбарлик ўтказилганидан кейин фронтнинг икки томонида ҳам бир-бирига тенг ҳажмдаги гуруҳлар шаклланди ва уларнинг сони мудофаадаги бўлинмаларини рақибнинг кичик гуруҳлар билан ёриб кириш имкониятини истисно қиладиган даражада тўлдиришга имкон берди.

Кичик гуруҳлар билан илгарилашни яна шу нарса қийинлаштирдики, фронт чизиғи ўзгаришсиз қолган узоқ вақт давомида томонларнинг ҳар бири мудофаага тайёрланишга, траншеялар қазиб жойлашишга, ўт очиш нуқталарини жиҳозлашга, майдонларни миналашга улгурди ва бу ҳудудларни олов назоратида ушлаб туриш имкониятига эга бўлди.

Бундан ташқари, томонлардан ҳар бири рақиб эгаллаб турган ҳудудларни назорат қилиш учун разведканинг бутун арсеналидан фойдаланди, мунтазам равишда малакасини ошириб, техникаларини такомиллаштирди.

Бугунги кунда рақибнинг ички ҳудудлари иккинчи томонга яққол кўриниб тургани туфайли кичик гуруҳларнинг махфий тўпланиши ва ёриб ўтиши жуда қийин вазифа. Баъзида рақиб гуруҳи аниқланганидан кейин бир неча дақиқа ичида унга артиллерия билан зарба берилади.

Катта гуруҳлар билан ёриб ўтиш ҳам деярли имконсиз иш. Назарий жиҳатдан фронтнинг муайян участкасида зарбдор гуруҳ йиғиш ва сон жиҳатдан устунликка эришиш мумкин, аммо бу ҳолатда ҳам разведка буни махфий тарзда амалга оширишга тўсқинлик қилади.

Икки томон ҳам разведка учун дронлардан фаол фойдаланмоқда, қолаверса разведканинг бошқа турлари ҳам янада самарали бўлмоқда. Масалан, рақиб ҳудудидаги агентура маълумотларни олдингига қараганда тезроқ етказиш имконини тақдим этади.

Турли разведка тизимлари ривожланаётгани туфайли ҳужумларни тайёрлаш анча қийин бўлиб қолган. Фото: ANADOLU

Замонавий электрон разведка тизимлари ҳам ривожланмоқда. Украина ғарбнинг сунъий йўлдошлари ва разведкачи самолётлари маълумотларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлди, Россия эса ўз разведка воситалари, хусусан радарлар ва радиоаниқлаш ва йўналтириш авиация комплекси самолётларини фаол қўллашга киришди.

Шундай қилиб, йирик гуруҳни яширинча жойлаштириш деярли имконсиз бўлиб қолди — рақиб ўйланган режани олдиндан кўради ва ёриб ўтилиши кўзланган жойга ўз томонидаги захира кучларини олиб келиб, таҳдидга реакция қилишга улгуради.

Ва ниҳоят ҳеч бир томон зарбдор гуруҳнинг турли таркибий қисмлари — муҳандислик, танк, мотопиёдалар, ракета-артиллерия ва авиация қисмлари ўртасида яқин ҳамкорликда умумқўшин жанглари доирасида йирик тузилма бўлиб ҳаракатланиш қобилиятини намойиш эта олмади.

Гап шундаки, бу урушда шу қадар кўп янги ҳарбий технологиялар пайдо бўлганки, уларнинг қўлланиши ҳали яхши ўрганилмаган ва уларга қарши курашишга имкон берадиган тактик усуллар ҳали ишлаб чиқилмаган.

Ва барча даражаларда - оддий аскарлардан тортиб қўмондонликка қадар тажриба ва жанг олиб бориш маҳорати етишмаслиги жуда катта йўқотишларга олиб келади.

Шу билан бирга, урушаётган армиялар янги жанговар тажриба тўпламоқда, бу эса уларга хатоларни камайтиришга ва душман бундай хатолардан фойдаланишига йўл қўймасликка имкон бермоқда.

Украинага мудофаа учун нима зарур?

Эстон ҳарбийларининг юқорида эслаб ўтилган таҳлилий ҳисоботида баён этилган стратегик мудофаага ўтишнинг умумий мақсадлари Украина қуролли кучларининг кампания давомида қандай тактикаларни қўллаши ҳақида тасаввур ҳосил қила олмайди.

Бу хориждан қурол ва ҳарбий техникалар етказиб берилишига боғлиқ бўлади. Бир томондан, бу таъминот Украина эҳтиёжларидан келиб чиқади, бошқа томондан, улар Украина қуролли кучларининг ҳаракат эркинлигини чеклайди.

Агар Украина ҚК чиндан ҳам 2024 йилда бошқа бир юриш ўтказишга уринмасдан, мудофаага ўтадиган бўлса, ғарбдан етказиб бериладиган таъминот номенклатураси ўзгариши табиий.

Исроиллик ҳарбий эксперт Давид Генделманнинг қайд этишича, Украина қуролли кучлари биринчи навбатда артиллерия ўқ-дориларига эҳтиёж сезади, чунки «рус-украин урушида ҳужум ҳам, мудофаа ҳам снарядларга таянади».

«Айниқса инфратузилмаларга қарши зарбалар бериш бўйича навбатдаги қишки кампания бошланиши билан туфайли ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари ва ракеталарга қарши мудофаа кучларини кучайтириш керак, Германия яна бир Patriot батареясини етказиб бериши ҳам шу билан боғлиқ. Авиацияни етказиб бериш чинакамига бошланиши лозим — Украина ҳарбий-ҳаво кучлари истиқболда ўзини ўнглаб олиши учун ҳам, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари самарали кураша олмаётган бошқариладиган авиабомбаларни учираётган Россия самолётларига қарши туриш учун ҳам. Мудофаа учун зирҳли техникалар ҳужумдагига қараганда камроқ аҳамиятга эга, аммо келгусида улар ҳам керак», — деб ҳисоблайди исроиллик эксперт.

Аммо асосийси, Генделманнинг сўзларига кўра, украина иқтисодиёти ва давлатини сафарбар қилиш масаласига бориб тақалади. «Бу биринчи навбатда, давлатни уруш релсларига ўтказиш, ҳарбий-саноат комплексини рағбатлантириш, умуман олганда моддий ва инсоний ресурсларни уруш учун сафарбар этиш. Ҳозирча Россия буни Украинага қараганда яхшироқ уддаламоқда, ҳолбуки бу кўпроқ Украинани кўпроқ ташвишга солаётгандек ва кўпроқ нарса кутиш мумкиндек кўринганди», — дейди у.

Генделманнинг ҳисоблашича, Украина ўз ҳарбий-саноат комплексини ривожлантириш учун максимал даражада саъй-ҳаракат қилиши керак, бу ғарб ёрдамига қарамликни ҳам камайтиради.

«Таъминот билан боғлиқ муаммо шундаки, ғарб ҳарбий-саноат комплекси ҳам етарли суръатларда ривожланмаяпти ва кўплаб категориялар бўйича жисмоний танқислик мавжуд […] Шунинг учунаммаси яна украинларнинг ўз имкониятлари ва саъй-ҳаракатларига боғлиқ. Агар ҳарбий релсларга ўтиш нуқтайи назаридан бу „оғриқли ва исталмаган“ ҳолат сақланиб қолса, Украина ютқазади ва объектив ҳолатларга ҳеч қандай мурожаат ёрдам бермайди», — деб ҳисоблайди.

Манёврли ёки окопларда?

Эстониялик ҳарбийлар томонидан ишлаб чиқилган ҳужжат Украина қуролли кучлари Россия билан охирига қадар курашишга қарор қилган тақдирда ўз олдига қўйиши мумкин бўлган мақсад ва вазифаларни ўз ичига олади.

Булар қаторида — фронт чизиғидаги қўшинлар таъминотини издан чиқариш учун коммуникация воситаларига зарбалар, Қора денгиз флотининг фаоллигини камайтириш учун босим ўтказиш, шунингдек Россия авиацияси эркин ҳаракатланишига йўл қўймаслик учун ҳаво кенгликларини ҳимоялаш келтирилган.

Бундан ташқари, Украина қуролли кучларидан бир вақтнинг ўзида Россия армиясига имкон қадар кўпроқ йўқотишлар келтириб, русларнинг юришини паст суръатларда сақланиб қолишини таъминлаш сўралади.

Эстония мудофаа вазирлиги ҳисоб-китобларига кўра, Россия ярим йил ичида 130 минг атрофида ҳарбий тайёрлаш имконига эга. Эстонлар агар қайта тикланмайдиган йўқотишлар (ҳалок бўлганлар ва сафга қайта олмайдиган даражада майиб бўлганлар) ярим йилда 50 минг кишини ташкил этса, бу россияликларнинг сафарбарлик тизимига ортиқча юкламай ташлайди ва бу фронтга яхши тайёрланмаган аскарлар ташланишига олиб келади, бу эса Россия гуруҳининг жанговарлигини пасайтиради деб ҳисоблайди.

Украинага вайронгарчилик уруши осон бўлмайди — Россия ракеталари ва дронлари унинг шаҳарларига ҳам зарбалар йўллайди

Ҳисоботда муҳокама қилиш йўли билан баён этилган ушбу умумий тамойиллар Украина қуролли кучлари қандай тактикани танлаши тўғрисида аниқ тасаввур тақдим эта олмайди. Катта эҳтимол билан, буни ҳозирча ҳатто Украина армияси қўмондонлигининг ўзи ҳам билмайди.

Мудофаа стратегияси қўшинлар манёврлар қилмаслиги ва ҳужумлар уюштирмаслигини англатмайди.

Ўтган қишда Вуҳледар штурм қилиниши, баҳорда Бахмут эгалланиши ва Авдийивка остонасидаги жанглар — Россия армияси ўтказган бу амалиётларнинг барчаси позицион уруш концепциясига мос келади, худди украинлар Днипро чап соҳилида плацдарм ташкил этиши, шунингдек 2023 йил ёзида Бахмут атрофида ва Орихив йўналишида олдинга ўтиши каби.

Бу амалиётлар фронт чизиғида жиддий ўзгаришларга, яъни уруш табиатини ўзгартирадиган даражадаги ўзгаришларга олиб кела олмаган (уруш шунинг учун позицион деб аталади). Ва уларнинг барчаси фавқулодда кўп ресурслар сарфланишини талаб этган амалиётлардир.

Шу билан бирга, дала истеҳкомлари позицион урушда мудофаа асосларидан бири бўлгани туфайли, мудофаа чизиқларини барпо этиш — бундай можарода қўшимча харажатлар демакдир. Бу ўнлаб ва ҳаттоки юзлаб километрларга чўзилган траншеялар, танкларга қарши ариқлар, тўсиқлар, гектарлаб миналанган далалар, бетон бункерлар, доталар (узоқ муддат фойдаланишга мўлжаллаб қурилган ўт очиш нуқталари) ва бошқалар демакдир. Ҳозирда икки томон ҳам шундай мудофаа линиялари қуриш билан машғул.

Позицион уруш давомида ҳам фаол ҳарбий ҳаракатлардан воз кечиб бўлмайди — чунки фақат шу йўл билан рақибни таҳдидларга реакция қилишга мажбурлаган ҳолда ташаббусни ушлаб қолиш ёки олиб қўйиш мумкин. Реакция кўрсатиш доимо олдиндан тайёрланган зарбадан кўра қимматроққа тушади, чунки у фавқулодда чоралар кўришни талаб этади.

Шу туфайли позицион уруш вақтида ҳар бир армия танлов қаршисида қолади — ёки қимматга тушадиган фаол амалиётларни тайёрлаш ва амалга ошириш, ёки рақибнинг ташаббусига жавоб қайтариш, бу ҳолатда янада кўпроқ ресурс сарфлашга тўғри келади.

Виктор Муженко BBC учун интервюсида украин кучлари ҳозирданоқ ўтиши лозим бўлган стратегик мудофаа қарши ҳужумлар уюштиришни ҳам ўз ичига олиши ҳақида гапирганди.

Параллел равишда, Муженконинг айтишича, Украина  «фронтни қайта форматлаши керак». «Бу шуни англатадики, биз нафақат сон жиҳатдан, балки сифат жиҳатдан ҳам кучли захира яратишимиз керак. Сифатли захира эса — ҳарбий организмлар мавжудлиги демакдир: тайёрланган, жиҳозланган, яхши мувофиқлаштирилган ва бундай масалаларни ҳал қила оладиган юқори руҳиятга эга бригада, корпус ва бошқалар», — дея хулоса қилганди у.

Давид Генделманнинг ҳисоблашича, мудофаа фаол урушдан кўра камроқ куч ва ғайрат талаб этади, аммо бу вақтдан айнан ҳал қилувчи ҳарбий ҳаракатларга тайёргарлик кўриш учун фойдаланиш керак.

«Мудофаа ҳужумдагига қараганда камроқ ресурс талаб этади, аммо яна барчаси айнан истиқболга боғлиқ: йўқотишлар ҳам, бошқа сарфлар ҳам йирик ҳужумдаги бир марталик катта йўқотишдан ортиб кетади. Шунинг учун агар мудофаа босқичида ҳарбий релсларга ўтишда олдинга силжиш бўлмаса, бу муаммоларни ҳал этиш эмас, шунчаки ёқимсиз воқеани кечиктириш бўлиб қолади», — дейди у.

Эстон ҳарбийлари ҳисоботида ҳам шу ҳақда айтилган. Эстония мудофаа вазирлиги экспертлари фикрича, айни вақтдаги асосий мақсад — Россиянинг урушни 2024 йил давомида якунлаш борасидаги ишончига путур етказишдир. Украина мудофааси учун келгуси йил стратегик аҳамиятга эга бўлади, бу вақт ичида мамлакатнинг ҳарбий ва саноат базаси Киевда Россия ҳарбийларини мағлубиятга учратиш имкониятини пайдо қиладиган даражада қурилиши керак.

Афтидан, Украина ҚК қўмондонлиги узоқ муддатли позицион қарама-қаршилик пайтида юзага келадиган муаммоларни тўлиқ англаб турибди. Украина бош қўмондони Валерий Залужний ноябр ойида Economist журналида эълон қилган мақоласида Украинага бундай урушда нима кераклиги борасидаги қарашларини баён этганди.

Залужнийга кўра, Украина қуролли кучлари учун асосий устувор йўналишлар (яъни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш зарур бўлган соҳалар) авиация — ҳавода ҳукмронликни таъминламаса ҳам, ҳеч бўлмаганда паритет учун; Радио электрон кураш воситалари — улар дронлар кескин кўпайган фонда ўта зарур; аксилбатарея кураш воситалари — артиллерия позицион урушда асосий зарба бериш воситасига айланади ва унга қарши курашиш керак бўлади; миналанган майдонлардан ўтиш учун муҳандислик техникалари — бундай майдонлар Украина қуролли кучлари ёзда муваффақиятли қарши ҳужум уюштиришига имкон бермаган асосий омиллардан бири бўлганди. Ва, ниҳоят, одамлар, чунки ҳудудларни улар озод этади — самолётлар, дронлар ёки бошқа техника бунга қодир эмас.

Залужний Украина ўз ҳудудий яхлитлигини фақат ҳарбий куч билан тиклай олиши мумкинлигини қайд этганди. Аммо унинг ўзи уруш позицион характер касб этгани тан олган ва кўплаб шарҳловчилар «стратегик мудофаа» даврида Украина учун энг асосийси — янада кўпроқ ерларини йўқотмаслик эканини таъкидлайди.

Мавзуга оид