Ўзбекистон | 11:51 / 29.12.2023
4946
2 дақиқада ўқилади

Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг 11 та устувор йўналиши белгиланди 

Вазирлар Маҳкамаси бўйсунувига ўтказилган Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг 11 та устувор йўналишлари белгиланди. Бу ҳақда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси маълум қилди.

Ўзбекистон президентининг “Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг фаолиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2023 йил 21 декабрдаги фармонига кўра Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг бўйсунуви Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигидан Вазирлар Маҳкамасига ўтказилди

Қўмита фаолиятининг 11 та устувор йўналишлари белгиланди:

  • хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қонуний манфаатларини ифодалаш;
  • эркаклар ва хотин-қизларнинг тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларини таъминлаш, хотин-қизлар ва оилани ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга оид қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
  • давлат хизмати, таълим, илм-фан ва инновация, спорт, соғлиқни сақлаш ҳамда бошқа ижтимоий-иқтисодий соҳаларда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
  • иқтидорли хотин-қизларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш;
  • хотин-қизларнинг касбий кўникмалар олишлари, муносиб иш топишларига кўмаклашиш, тадбиркорлигини ривожлантириш;
  • оила аъзоларининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, улар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини олиб бориш, ижтимоий ходим ва бошқа давлат хизматчилари билан ҳамкорликда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш;
  • оилаларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, соғлом овқатланиш ҳамда репродуктив саломатлик қоидаларини оммалаштириш; 
  • оила институтини мустаҳкамлаш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, умуминсоний ва миллий қадриятларни тарғиб қилиш; 
  • миграциядан қайтган, жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларнинг ижтимоий мослашувига, улар билан манзилли ишлаш орқали зарур ёрдамлар олишларига кўмаклашиш;
  • кейс менежмент қўллаган ҳолда ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни аниқлаш ҳамда улар билан манзилли ишлаш;
  • ўзига юклатилган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш учун давлат ташкилотлари, халқаро молия институтлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатиш.

Мавзуга оид