17:59 / 30.12.2023
34277

Қандай қилиб болани китоб ўқишга қизиқтириш мумкин?

Бола учун китоб ҳақиқатан ҳам энг яхши совға, аммо уни барча бирдек севиб ўқишни истамайди. Кўпчилик фарзандини мактабда ҳам, уйда ҳам ўқишга мажбурлайди. Аммо бу нотўғри. Уни китобга мажбуран қизиқтириб бўлмайди. Бунинг ўрнига бир нечта самарали техникалардан фойдаланган маъқул.

Фото: AP

Дарҳақиқат, нега замонавий болалар китобларга муҳтож? Илгари китоб деярли ягона маълумот манбаи ва дам олишнинг энг яхши шаклларидан бири эди. Бугунчи? Маълумот ва ўйин-кулги денгизи бизнинг руҳиятимизни телевизор экрани, компьютер монитори орқали тўлдиради. Ҳа, ҳаракатланувчи расм ҳар доим ҳаракатсизидан яхшироқ, чунки у жонли мулоқот иллюзиясини яратади, бизни ёлғизликдан халос қилади.

Тугмачани босасиз ва ҳаётингизга бошқа бировнинг қувончи, қўрқуви, умиди ва умидсизликлари тўлқини кириб, сизни кундалик ҳаётдан чалғитади. Худди шундай ҳис-туйғуларни олиш учун китобнинг нечта саҳифасини ўқиш керак?

Аммо муаммо шундаки, маданият (китоблар, бадиий фильмлар, санъат) инсон шахсини, айниқса болалик даврида шакллантиради, шунинг учун болаларни китоб ўқиш ва уни севишга ўргатиш керак. Агар сиз ҳақиқатан ҳам фарзандингизни китобга ошно қилмоқчи бўлсангиз, қуйидаги тавсияларга амал қилиш мақсадга мувофиқ:

Туғилгандан бошлаб болага китоб ўқиб беринг. Ҳа, чақалоқ ҳали сўзларни тушунмайди, лекин она ўқиган шеърлар чақалоққа унинг яқинлиги ҳақида “гапиради”. Онасининг овози ва оҳанги уни тинчлантиради. 10 ойдан бир ярим йилгача боланинг сўз бойлиги шакллана боради. У бутун ҳис-туйғулари билан дунёни фаол равишда ўрганади ахир. Бироқ китоб ўқишда тўрт дақиқадан ортиқ бўлмаган эътибор босқичидан ошиб кетманг.

Икки ёшдан бошлаб бола алоҳида сўз ва ибораларни ҳикоя сифатида қабул қилади ва уч ёшда у нафақат тингловчи, балки фаол суҳбатдошга ҳам айланади. Бу вақтда у қайта ўқишга иштиёқни ривожлантиради. Уларга китобни 20 дақиқадан ортиқ ўқиб берманг. Бу бола айни ёшда бардош бера оладиган максималдир.

Ўқишни ўйинга айлантиринг. Фарзандингизни эрта болаликдан китоб билан таништирмоқчи бўлсангиз, бу жараённи ўйин тарзида олиб боринг. "Ёдда тутинг, сиз энг ақлли бўласиз", "Катта бўлганингизда энг яхши иншо ёзувчи бўласиз" - бундай далиллар ишламайди. Бу каби таъкидларни нутқингиздан чиқариб юборинг.

Такрорлашдан қўрқманг. Фарзандингиз бир неча йиллардан бери сиздан бир хил китобни тунда ўқишингизни сўраса, безовталанманг ёки ҳайрон бўлманг. У шунчаки унинг учун психологик қулайликни ифодалайди. Сизда ҳам шундай китоб бўлиши мумкин. Агар сиз уни ҳозир ўқисангиз, болалигингизда бошдан кечирган қулай ҳолатга қайтасиз. Сиз ҳатто ушбу китобни болангизга таништирмоқчи бўлишингиз мумкин, аммо у сиз учун қандай бўлса, у учун ҳам шундай бўлишига кафолат йўқ. Буларнинг барчаси жуда индивидуалдир. Қоидага кўра, ҳар куни бир хил китобларни ўқиш саккиз ёшда “тугайди”.

Шеър ёдлатинг. Бунинг учун энг мақбул вақт туғилишдан саккиз ёшгача бўлган давр! Бу сиздан ортиқча қийинчилик талаб қилмайди, чунки бу ёшда болалар учун ёдлаш осон. Ўрта мактабда, агар сиз илгари бу маҳоратни ривожлантирмаган бўлсангиз, бироз ҳаракат талаб қилади.

Болага адабиётни танлашига рухсат беринг. Фарзандингизга уни қизиқтирадиган китобларни танлашига рухсат беринг. Ҳар бир китоб қайсидир маънода фойдалидир. Наср нутқ маҳоратини эгаллашга ёрдам беради, шеърият эса ритм туйғусини ривожлантиради. Яхши ўқилган китоб психологик қулайлик яратади, нотаниш китоб эса янги билимларни беради. Эртак сюжети фантазияни, реал сюжет эса ҳаётий тажрибани бойитади. Қисқа ҳикоя ихчам ҳикоя қилишни ўргатади, узоқ ҳикоя эса хотирани тарбиялайди.

Болалар мактабда тавсия этилган адабиётларни ўқишни истамайди. Сабаби ҳар бир бола бир хил нарсани афзал кўриши қийин масала. Кимгадир бошланиши, жуда тез тугаши ва охири бўлган қисқа ҳикоялар ёқади. Бошқалари эса қисқа ҳикоя қаҳрамони билан танишишнинг маъносини кўрмайди, чунки улар у билан тезда хайрлашишга тайёр эмас. Улар қаҳрамон билан бир мунча вақт яшашлари керак.

Фарзандингизни ўқишга мажбурламанг. Ўқишга бўлган иштиёқ ичкаридан шаклланади, шунинг учун ҳам болани беш ёки олти ёшдан бошлаб ўқишга мажбурлаш хавфли. Умуман олганда, "керак" сўзи эҳтиёткорлик билан, жиддийроқ ёшда, яъни 5-6-синфдан бошлаб фақат мактаб адабиётига нисбатан қўлланилиши лозим.

Агар бола ўқишни истамаса, бунинг ҳеч қандай ёмон жойи йўқ. Ота-оналар кўпинча фарзандининг ўқишни билмасдан туриб мактабга боришидан қўрқишади. Ҳаммаси ўқитувчига боғлиқ. Айрим педагогларнинг таъкидлашича, болани маълум даражага етказиб мактабга олиб келишса, у мактабдаги такрорланувчи машғулотларидан зерикиб қолади ва ўқишга нисбатан қарашлари ўзгаради.

Атрофни китоб билан тўлдириш, ундан зерикишга сабаб бўлади. Бир ота байрамга фарзандлари учун талайгина китоблар олиб келади ва уларга “Сизларга совға олиб келдим”, дейди. Болалар қизиқиш билан унинг атрофини ўраб олишади, китобларни кўргач эса, “Китоб учун раҳмат, совға қани?” деб жавоб беришади.

Болалигимизда ҳар доим китоблар кам бўлган. Шу сабабли уни ўқишга бўлган иштиёқ катта эди. Бу тажриба асосли бўлиши мумкин. Айниқса сиз ўқишни хоҳлаганда унинг бўлмаслиги хоҳишнинг ортишига олиб келади.

Ўзингиз ўқиган китобларингизни болаларингиз билан муҳокама қилинг. Ота-оналарнинг фарзандлари олдида китоб ўқиши жуда кам учрайди. У билан ҳозир ўқиётган китобингиз ҳақида суҳбатлашиш учун ушбу дақиқалардан фойдаланинг ёки ҳатто парчаларни ўқишга ҳаракат қилинг. Фарзандларингиз олдида бошқалар билан китобларни муҳокама қилишингиз мумкин.

Овоз чиқариб ўқинг. Овозингизни диктофонга ёзиб олинг. Ота-оналар бутун кунни ишда ўтказишади ва агар уйдалигида улар камида ўн дақиқа давомида фарзандларига овоз чиқариб ўқиб беришса, бу муносабатларни ушлаб турадиган кучли қулфга айланади. Овоз ёзиб олиш учун телефон мос келмайди, чунки у доимо ўзига эътибор қаратади. Диктофонда фақат битта тугма мавжуд - уни ёқиш ва ўчириш мумкин.

Албатта, бу каби техникалар кўп ва қай бири сиз ва фарзандларингиз учун мос тушишини ўзингиз танлашингиз лозим.

Махсума Оққўзиева тайёрлади.

Top