Агар кун бўйи ишлаб, қаттиқ меҳнат қилиб ўзингиз кутгандек муваффақиятга эришмаётганингизни сезаётган бўлсангиз, сиз ёлғиз эмассиз. Бу кўпчилик сезадиган ёқимсиз ҳис. Вақтингиздан шахсий ривожланиш учун чегириб қолишга “5 соат қоидаси” ёрдам бера олиши мумкин.

Кунимизни қандай сарфлаймиз?

Дунё бўйича инсонларнинг ўртача умр кўриш даражаси 73,4 ёшни ташкил қилади. Бу дегани бир одамда ўртача 26 минг 808,7 кун борлигини англатади.

Инсонлар умрининг учдан бир қисмини ухлаб ўтказади. Лекин бу меъёр ҳам давлатларга кўра фарқланади. Масалан, японлар тунда 6,5 соат ухласа, нидерландлар 8 соатдан кўп тунги вақтни уйқуга бағишлайди. АҚШда ҳам 35 фоиз одам 7 соатдан камроқ ухлаши аниқланган.

Хўш, агар биз суткасига 7 соат вақтимизни ухлаб ўтказсак, қолган 16 соат вақтни нималарга сарфлаймиз?

Кўпчиликнинг асосий вақти асосан, ишда ўтади, албатта. Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг маълумотига кўра, АҚШ, Германия ва Япония каби ривожланган давлатларда одамлар йилига 1,7 минг соат вақтини ҳақ тўланадиган ишларга сарфлайди. Бу йилига ўртача 70 кун (365 кундан) деганидир.

Қолган вақтни уй-рўзғор ишлари, ўзимизни парвариш қилиш (ювиниш, овқатланиш) ва телевизор кўриш, спорт машғулотларига қатнашиш ёки спорт ўйинларини томоша қилиш каби кўнгилочар машғулотларга сарфлаймиз.

Албатта, ҳамма ўз вақтини шахсий манфаатлари ва қизиқишларига қараб тақсимлайди. Бунда иш ва шахсий ҳаёт ўртасидаги балансни ҳис қилган ҳолда вақтни режалаштириш ҳам муҳим. Лекин ҳамма ишнинг орасида шахсий ривожланишни ҳам унутиб қўймаслик керак. Хўш, шахсий ривожланиш учун вақтни қаердан топамиз?

Ишдан кейин яна бошқа иш қилиб тиниб-тинчимай ҳам янги нарса ўргана олмаётган, шахсий ривожланмаяпман деб ҳисоблаётган одам учун “5 соат қоидаси” мос келади.

Бу қоидага кўра, кунига бир соатни, ҳафтасига эса камида 5 соатни нимадир янги нарса ўрганиб, ривожланишга сарфлаши лозим. Бир кун учун бир соат кам кўриниши мумкин, лекин ҳар ҳафта 5 соатни доимий ўқиш ва ўрганишга сарфлаш орқали индивидуал тарзда кўп нарсани ўзлаштириб олиш мумкин.

Вақтни қандай тақсимлаш керак?