12:21 / 30.12.2023
9855

Залужний Россиянинг Украинага зарбаси тафсилотларини маълум қилди

Зарба давомида Россия Украина ҳудудига 36 та Shahed дрони ва 122 та турли турдаги ракеталарни учирди, деди Украина қуролли кучлари бош қўмондони. Ракеталарни учириш учун Ту-95МС, Ту-22М3 бомбардимончи самолётлари ҳамда МиГ-31К ва Су-35 қирувчи самолётларидан фойдаланилган.

Фото: Reuters

29 декабрга ўтар кечаси Украинага қилинган ҳужум чоғида Россия қўшинлари 158 та ҳаво ҳужуми қуролидан, жумладан, 36 та Shahed-136/131 ҳужумкор учувчисиз учоғи ва 122 та турли ракеталардан фойдаланган. Бу ҳақда 29 декабрь, жума куни Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний Telegram’да хабар берди. Залужнийнинг сўзларига кўра, украиналиклар 27 та дрон ва 87 та қанотли ракетани уриб туширишга муваффақ бўлган

Россия Федерациясида бугун эрталабки каби йирик ракета ҳужумларини такрорлаш учун етарлича ракета захираси бор, деди мудофаа вазири Рустем Умеров. «Шубҳасиз, давлатда мавжуд бўлган бундай ракета захиралари билан улар бундай ҳужумларни давом эттириши мумкин ва давом эттиради», — деб ёзди у Facebook’да. 

Россияликлар биринчи навбатда шимолий ва жануби-шарқий йўналишлардан «шаҳедлар»ни учирди, кейин эса ғарбий йўналишда ҳаракат қилишди. Тахминан тунги соат 3 да, деб хабар қилди Залужний, Россиянинг 18 та Ту-95МС бомбардимончи самолёти осмонга кўтарилиб, эрталаб соат 6 да учириш чизиғига етиб келди. Улар камида 90 та Х-101/Х-555/Х-55 қанотли ракеталарини учирди. 

Ҳужум натижасида, сўнгги маълумотларга кўра, 18 киши ҳалок бўлган, яна 132 киши яраланган. 

Ракета зарбаси Россияга 1,273 миллиард долларга тушди 

Тахминан эрталаб соат 5 да россияликлар Курск вилоятидан узоқ масофага учувчи Ту-22М3 бомбардимончи самолётларидан фойдалана бошлади, улар Украинанинг шимолий ва марказий ҳудудлари йўналиши бўйича саккизта Х-22/Х-32 қанотли ракеталарини учирди.

Эрта тонгда Россия С-300 бошқарилувчи зенит ракеталари билан Харкивга ҳам ҳужум қилди. Қрим, Курск ва Белгород вилоятларидан камида 14 та С-300/С-400/Искандер-М ракеталари учирилди. 

Эрталаб соат етти яримда Россиянинг бешта МиГ-31К қирувчиси ҳавога кўтарилди ва Астрахан вилоятидан бешта Х-47М2 «Кинжал» аэробаллистик ракеталарини учирди. Бундан ташқари, Су-35 тактик авиация самолётларидан тўртта Х-31П ва битта Х-59 радиолокацион ракеталари учирилди. «Суспилне» телеканали маълумотларига кўра, фақат учирилган ракеталар ва учувчисиз учоқлар нархини ҳисобга олган ҳолда, Россия жорий ҳужумга 1,273 миллиард доллар сарфлаган. 

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top