Жаҳон | 22:19 / 02.01.2024
9886
2 дақиқада ўқилади

Микки Маус жамият мулкига айланди

2024 йил 1 январидан бошлаб Уолт Дисней компанияси мултфилми қаҳрамони Микки Маус жамият мулкига айланди. Унга бўлган муаллифлик ҳуқуқининг муддати якунланди. 

Фото: Walt Disney

2024 йил 1 январидан бошлаб Уолт Дисней компанияси мултфилми қаҳрамони, сичқонча Микки жамият мулкига айланди, бу унга бўлган муаллифлик ҳуқуқи муддати якунланиши билан боғлиқ. АҚШ қонунчилигига кўра, муаллифлик ҳуқуқи 95 йил амал қилади. 

Муаллифлик ҳуқуқи эгаси Disney компаниясининг барча саъй-ҳаракатларига қарамай, бундан буён дунёдаги энг машҳур кемирувчи тасвиридан режиссёрлар, сценарийнавислар ва рассомлар бепул фойдаланиши мумкин бўлади. Бироқ, гап фақат биринчи марта 1928 йилда экранларга чиққан «Вилли кемаси» қисқа метражли филмининг оқ-қора тасвиридаги Микки ҳақида кетмоқда. Сичқончанинг бошқа, жумладан рангли тасвирлари ҳозир ҳам қонун ҳимоясида. 

Қайд қилинишича, АҚШ муаллифлик ҳуқуқи тўғрисидаги қонунга кўра, бундай ҳуқуқ 95 йил давомида амал қилади. Бу айнан Disney компанияси саъй-ҳаракатлари билан боғлиқ. Ушбу компания тарих давомида муаллифлик ҳуқуқи тўғрисидаги қонунга ўзгартириш киритиш бўйича кўп марта муваффақиятли ҳаракат қилган. Шу сабабли, ушбу қонун баъзан киноя билан «Микки Маусни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун» деб ҳам аталади. 

Муаллифлик ҳуқуқи нуқтаи назаридан «ҳимоясиз» қолган сичқончани нима кутаётганини аввалроқ Винни Пуҳ билан юз берган воқеа мисолида тасаввур қилиш мумкин. 2022 йилда Алан Милн қаламига мансуб китобнинг муаллифлик ҳуқуқи муддати якунига етгач, Винни ва унинг шериги Пучуқвой ҳақида катталар учун мўлжалланган «Винни Пуҳ: қон ва асал» даҳшатли филми суратга олинди. Бу кино оламида кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. 

Бироқ, Микки яхшироқ ҳимояланган. У Disney компаниясининг савдо, корпоратив белгиси ва бренд идентификатори бўлиб қолади ва қонун томонидан ҳимоя қилинади. Аммо, энди фақат рангли талқинида.

Мавзуга оид