Жаҳон | 18:32 / 02.01.2024
10610
2 дақиқада ўқилади

Хитойдан сунъий гуруч импорт қилингани рад этилди

Импорт қилинадиган гуруч текширувдан ўтказилиши, маҳсулот тегишли ташкилотлар хулосасига кўра, истеъмолга яроқли деб топилса, Ўзбекистонга олиб киришга рухсат берилиши маълум қилинди.

Фото: Getty Images

Ўзбекистонга Хитойдан сунъий гуруч импорт қилинмаган. Бу ҳақда Божхона қўмитасига таяниб ЎзА хабар берди.

Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрига Хитойдан импорт қилинган гуручлар сунъий экани ва целлофандан тайёрлангани ҳақида видеолавҳа тарқалган эди. Божхона қўмитаси матбуот хизмати раҳбари Нурбек Саломов сўзларига кўра, бу каби хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди.

Қайд қилинишича, Ўзбекистонга импорт қилинадиган гуруч ичида турли хил зараркунанда ва ҳашаротлар, ҳамда ўта хавфли инфекцияларни аниқлаш бўйича текширувдан ўтказилади. Маҳсулот тегишли ташкилотлар хулосасига кўра истеъмолга ёки экишга яроқли деб топилса, Ўзбекистонга олиб киришга рухсат берилади.

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги бундай гуруч импорт қилинганини рад этган.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ҳар йили 100 минг гектардан ортиқ майдонда шоли етиштиради. Аҳоли жон бошига йилига ўртача 9,8 кг гуруч истеъмоли талаб этилади. Яъни республика аҳолисини тўлиқ гуруч маҳсулотлари билан таъминлаш учун 353 минг тонна гуруч керак. 2022 йилда Ўзбекистонда 310 минг тонна гуруч етиштирилган. Яъни аҳоли талабига нисбатан 43 минг тонна кам.

2022 йилда республика бўйича 8 минг тонна гуруч импорт қилинган бўлса, 2023 йилда 53,5 минг тонна гуруч импорти амалга оширилган. Яъни истеъмолга нисбатан 10 минг тонна ортиқча гуруч импорт қилинган.

Гуруч импорти Қозоғистондан 29,3 минг тонна (54,7%), Покистондан 23,2 минг тонна (43,3%), Таиланддан 599 тонна (1,1%), Туркиядан 265 тонна (0,5%) ва Ҳиндистондан 126 тонна (0,2%) ва бошқа мамлакатлардан 21,1 тоннани (0,02%) ташкил қилган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид