Жаҳон | 08:03 / 03.01.2024
11818
3 дақиқада ўқилади

Ливанда ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари ўринбосари ўлдирилди

Солиҳ ал-Арурий Исроил дрони ҲАМАСнинг Байрутдаги қароргоҳига ҳужум қилиши оқибатида ҳалок бўлди.

Фото: Reuters

2 январ, сешанба куни Байрут жанубий чеккасидаги Даҳия ҳудудида содир бўлган портлаш натижасида Фаластиннинг ҲАМАС ташкилоти сиёсий бюроси раҳбари ўринбосари Солиҳ ал-Арурий ҳалок бўлди. Даҳия чеккаси Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи томонидан назорат қилинади. 57 ёшли ал-Арурий ва унинг икки шериги вафот этгани ҳақида, хусусан, Al Arabiya араб телеканали хабар берди. Унга кўра, портлаш Исроил дронининг ҲАМАС қароргоҳига берган зарбаси натижасида содир бўлган. Ўз навбатида Ливаннинг Al Mayadeen телеканали аниқлик киритишича, Исроилнинг учувчисиз учоғи ҲАМАС идорасига учта ракета билан ҳужум қилган. ҲАМАС ал-Арурийнинг ўлимини тасдиқлади. Ливан армияси портлаш содир бўлган жойга қўшимча кучларни юборди. 

Ал-Арурий ҲАМАС иерархик тузилмасидаги иккинчи шахс эди. Исроил уни Иордан дарёси Ғарбий соҳилидаги қатор ҳужумлар ташкилотчиси ва минтақада ҲАМАС ҳарбий бўлинмаси фаолияти учун масъул деб ҳисоблаган. Узоқ вақт давомида Исроил махсус хизматлари уни йўқ қилиш объекти сифатида кўриб чиққан. ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумидан олдин бош вазир Бенямин Нетаняҳу ал-Арурий «ўзи ва дўстлари нима учун яшириниши кераклигини жуда яхши билишини» айтди. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди. 

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 22 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид