Жаҳон | 11:10 / 03.01.2024
13376
3 дақиқада ўқилади

Макрон Исроилни Ливандаги вазиятни кескинлаштирмасликка чақирди

ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари ўринбосари Байрут чеккасида содир бўлган портлашда ҳалок бўлганидан сўнг, «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати қасос олиш ниятида эканини маълум қилди. Франция президенти Исроил ҳарбий маҳкамаси аъзоси Ганцга қўнғироқ қилди.

Фото: Bilal Hussein/AP Photo/picture alliance

ҲАМАС Фаластин ташкилоти сиёсий бюроси раҳбари ўринбосари Солиҳ ал-Арурий ҳалок бўлган Байрут чеккасидаги портлашдан сўнг Франция президенти Эммануэл Макрон Исроилни «Ливанда ҳар қандай кескинлаштирувчи хатти-ҳаракатлардан тийилишга» чақирди. Бу маълумот Елисей саройи матбуот хизмати томонидан 2 январ, сешанба куни кечқурун Франция давлати раҳбари ва Исроил ҳарбий маҳкамаси аъзоси Бени Ганцнинг телефон орқали мулоқотидан сўнг тарқатилди. 

Қайд этилишича, Франция Исроил ва ҲАМАС ташкилоти ўртасидаги тўқнашувга бевосита ёки билвосита алоқадор бўлган минтақадаги барча иштирокчиларга бундай вазминликка чақириқларни етказишни давом эттириш ниятида.

ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари ўринбосарининг ўлими 

57 ёшли Солиҳ ал-Арурий ва унинг икки шериги вафот этгани ҳақида аввалроқ Al Arabiya араб телеканали хабар бериб, Байрут жанубий чеккасидаги Даҳияда Исроил дронининг ҲАМАС қароргоҳига ҳужуми натижасида портлаш содир бўлганини билдирган эди.

Ал-Арурий ҲАМАС иерархик тузилмасидаги иккинчи шахс эди. Исроил уни Иордан дарёси Ғарбий соҳилидаги қатор ҳужумлар ташкилотчиси ва минтақада ҲАМАС ҳарбий бўлинмаси фаолияти учун масъул деб ҳисоблаган. Узоқ вақт давомида Исроил махсус хизматлари уни йўқ қилиш объекти сифатида кўриб чиққан. ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумидан олдин бош вазир Бенямин Нетаняҳу ал-Арурий «ўзи ва дўстлари нима учун яшириниши кераклигини жуда яхши билишини» айтди. 

Байрут чеккасидаги Даҳия ҳудуди Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати томонидан назорат қилинади. Портлашдан сўнг унинг жангчилари Исроилдан ўч олиш ниятида эканини эълон қилган. Ливан чегарасида Исроил Мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) ва «Ҳизбуллоҳ» ўртасидаги отишмалар Исроилнинг Фаластиндаги операцияси бошланганидан сўнг кучайди. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди. 

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 22 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид