Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Япония зилзиладан кейин: цунами кузатилмади, АЭС ишлаяпти
Япониянинг ғарбий қирғоқлари яқинида содир бўлган силкинишлар 2011 йилда мамлакат шимоли-шарқидаги мисли кўрилмаган цунами ва «Фукусима-1» атом электр станциясида фалокат ҳақидаги хотираларни эсга солди. Бу сафар вазият унчалик жиддий тус олмади.
1 январ куни тушдан кейин Японияда кучли зилзила рўй берганидан бир кун ўтиб, мамлакат ғарбидаги энг кўп зарар кўрган Ното яриморолида қутқарув ишлари анча секин давом этди. Фалокат ҳудудига олиб борадиган муҳим кўприклар ва йўлларга зарар етган ёки бутунлай вайрон бўлган, бу эса ёрдам ишларининг дастлаб кечиктирилишига олиб келди.
Кўп жойларда асфалт юзаси кўтарилди ва парчаланиб кетди. Тупроқдаги ёриқлар, қулаган электр устунлари, тупроқ уюмлари ҳамда эгилган ва қулаган уйлар кўплаб магистрал йўлларни тўсиб қўйди. «Автомобилларнинг Ното шимолий ҳудудларига етиб бориши ниҳоятда қийин», деди Япония бош вазири Фумио Кишида. Шу сабабли, унинг сўзларига кўра, ҳукумат ёрдам юкларини кема орқали етказиб беришга эътибор қаратмоқда. Қутқарув ишларини олиб бориш ва аҳолига ёрдам кўрсатиш учун Япония ўзини ўзи мудофаа қилиш кучларининг 10 мингга яқин аъзоси сафарбар этилган.
Япониянинг ушбу қисмида 1885 йилдан бери энг кучли зилзила
Зилзила эпицентри Вадзима шаҳридан 30 км шимоли-шарқда, Япониянинг энг йирик ороли - Ҳонсюдаги Исикава префектураси Ното яримороли қирғоқларидан 16 км чуқурликда жойлашган. Япония метеорология агентлиги маълумотларига кўра, зилзила одамлар ва биноларга таъсирини таснифлайдиган маҳаллий интенсивлик шкаласи бўйича максимал магнитуда - 7 баллга етди.
Рихтер шкаласи бўйича магнитудаси 7,6 баллни ташкил қилган. Бу 1885 йилда кузатувлар бошланганидан бери мамлакатнинг ғарбий қисмида содир бўлган энг кучли зилзилага айланди. Метеорология бюроси келгуси кунлар ва ҳафталарда яна кучлироқ силкинишлар бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.
Сешанба куни давомида маҳаллий расмийлар ҳалок бўлганлар сонини деярли ҳар соатига кўпайтириб борди. Бу рақам деярли 50 кишига етди. Биргина Вадзима муниципал касалхонасида етти нафар бемор ноаниқ шароитда вафот этган. Зилзиладан кўп ўтмай, қирғоқ бўйидаги шаҳарда катта ёнғин содир бўлиб, бир кечада бозор майдони атрофидаги 200 дан ортиқ турар жой ва тижорат биноларини йўқ қилган.
Етти қаватли турар жой биноси ён томонига ағдарилган ва унинг остида қўшни бинолар қолиб кетган. Табиий офат Исикава префектураси пойтахти - Канадзава сайёҳлик марказидаги бинолар ва кўчаларга ҳам зарар етказди. Канадзава университети касалхонасининг автотураргоҳига SOS ҳарфлари шаклидаги стуллар ўрнатилди.
Японияда қутқарув ишлари давом этмоқда
Кўнгиллилар, полиция ва ҳарбийлар вайроналар остида қолган одамларни қутқаришга ҳаракат қилди. Доимий афтершоклар - асосий зилзиладан кейин содир бўладиган ва ундан кучсизроқ бўлган ерости силкинишлари туфайли қутқарувчилар эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилишга мажбур бўлди.
Минг киши Вадзима шаҳридаги Ўзини ўзи мудофаа қилиш кучлари авиабазасига эвакуация қилинган, у ерда уларга адёл, сув ва озиқ-овқат берилган. Ҳаммаси бўлиб, беш префектурада 100 мингга яқин одамни эвакуация қилиш буюрилган.
Янги йил - Японияда катта давлат байрами. Бу вақтда аксарият дўконлар ёпиқ бўлади, оила аъзолари одатда эса бирга йиғилади.
Цунами ҳақида огоҳлантириш бекор қилинди
Япониядаги зилзила цунамига олиб келди. Тўлқинлар қирғоққа ёпирилганида баландлиги 1,20 метрга етган. Телевидениедаги янгиликлар дастурида балиқчилар қайиқлари тескари сузиб юргани ёки қирғоққа чиқиб қолгани кўрсатилган. NHK ижтимоий-ҳуқуқий телеканали диктори шиддатли овоз билан минтақанинг барча аҳолисини зудлик билан баландроқ жойларга чиқиб олишга чақирди.
Метеорология агентлиги баландлиги беш метргача бўлган тўлқинлар ҳақида огоҳлантирди. Кўпчилик японияликлар учун бу 2011 йил мартидан бери биринчи шундай огоҳлантириш бўлди, ўшанда 20 мингга яқин одамнинг ҳаётига зомин бўлган ва «Фукусима-1» атом электр станциясида аварияга сабаб бўлган жуда кучли цунами қайд этилганди.
Шимолий Корея ва Россия расмийлари ҳам кема экипажлари ва қирғоқбўйи ҳудудлари аҳолисини эҳтимолий табиий офат ҳақида хабардор қилган. Бироқ Япониянинг ўзида цунами ҳақидаги барча огоҳлантиришлар 2 январ куни маҳаллий вақт билан соат 10:00 да бекор қилинди.
Япония атом электр станцияларида «муаммолар» йўқ
Расмий маълумотларга кўра, Япониянинг ғарбий қирғоғида жойлашган ва жами 22 та атом реакторига эга бўлган олтита АЭСда «носозликлар» содир бўлмаган. Бу радиоактив моддаларнинг сизиб чиқишини назарда тутади. Зилзила эпицентрига энг яқин жойлашган, тахминан 100 км узоқликдаги Сика атом электр станцияси иккита реактори «Фукусима-1» фожиасидан кейин деярли 13 йил олдин ёпилган эди.
Бироқ, атом электр станцияси оператори ишлатилган ёнилғи элементлари учун ҳовузлардан сув тўкилгани тўғрисида хабар берди. Унинг айтишича, бассейн насоси деярли бир соат ишламаган. Бундан ташқари, ядро реактори ўрнатилган ҳудудда трансформатор ёниб кетган.
«Синкансэн» темирйўл тармоғида ҳаракатланувчи тезюрар поездлар зилзиладан кейин 24 соатдан камроқ вақт ўтиб қатновини тиклади. Ғарбий Япония темирйўли маълумотларига кўра, 1400 га яқин йўловчи тўрт поездда тахминан ўн бир соат давомида қолиб кетган, темирйўллар ва бошқа темирйўл иншоотлари хавфсизлиги текширилган.
Мавзуга оид
16:44 / 22.06.2026
Япония виза нархини беш баробарга оширади
18:57 / 15.06.2026
Япония Ўзбекистонда энергия самарадорлигини ошириш учун 230 млн доллар кредит ажратади
08:43 / 11.06.2026
Жаҳон нефть савдоси маркази Осиёга кўчмоқда
20:36 / 06.06.2026