Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистоннинг барча халқаро аэропортларида Tax Free тизими жорий этилади
Вазирлар Маҳкамасининг “Чет давлат фуқаролари томонидан Ўзбекистон ҳудудидан чиқиб кетишда аввал харид қилинган товарлар учун қўшилган қиймат солиғини қайтариш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарорига ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қарор лойиҳаси эълон қилинди.
Президент қарорига мувофиқ, 2024 йил 1 январдан бошлаб қўшилган қиймат солиғини тўлиқ қайтариб бериш тизимини хорижий туристларга - Ўзбекистон халқаро аэропортларида Ўзбекистон ҳудудида сотиб олинган ва Tax Free тизими бўйича расмийлаштирилган маҳсулотлар учун кенгайтириш белгиланган.
Ҳозирда Tax Free тизимида Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Фарғона ва Урганч аэропортларида Солиқ қўмитаси томонидан ташкил этилган Tax Free хизмати шохобчалари иш олиб бормоқда.
2023 йилнинг 9 ойида 333 та чет давлат фуқароларига улар томонидан Ўзбекистон ҳудудидаги чакана савдо билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларидан айрим турдаги товарларни сотиб олишда тўланган қўшилган қиймат солиғи суммасини қисман қайтариш хажми 468,6 млн сўмни ташкил қилди.
Топшириқдан келиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унда 2024 йил 1 январдан Tax Free тизимини республикани барча халқаро аэропортларида жорий этиш кўзда тутилмоқда.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикасида 11 та халқаро аэропорт мавжуд.
Чет давлат фуқаролари алоқа ўрнатиш ва айрим ҳолатларда юзага келадиган муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиш мақсадида мобил иловада маҳаллий ёки халқаро телефон рақами кўрсатилади.
Чет давлат фуқаролари ҚҚС суммасини қайтариб олишда идентификация ва рўйхатдан ўтиши Tax Free автоматлаштирилган ахборот тизими орқали ҳам амалга оширилади.