Украинанинг валюта захиралари ғарб туфайли 42 фоизга ошди
Украинанинг валюта захиралари 1 январ ҳолатига тахминан 37 миллиард еврони ташкил қилди. Бироқ, Киев учун янги молиявий дастурлар ҳозирча кейинга қолдирилган.
Украинанинг валюта захиралари 2023 йилда ғарб молиявий ёрдами эвазига сезиларли даражада – 42 фоизга ўсди: 1 январ ҳолатига кўра, улар 40,5 миллиард доллар (конверсияда – 37 миллиард евро)ни ташкил этди, деб хабар берди Украина Миллий банки жума, 5 январ куни. «Ўтган йили Украина мисли кўрилмаган глобал молиявий ёрдам олди», дейилади Миллий банкнинг расмий сайтида эълон қилинган хабарда.
Ўтган йили Киев учун энг йирик молиявий донор Европа Иттифоқи бўлди: Украина Миллий банки маълумотларига кўра, унинг улуши тахминан 18 миллиард еврони ташкил этди. АҚШ, Япония, Буюк Британия ва бошқа бир қатор давлатлар Жаҳон банки фонди орқали жами 15 миллиард еврога яқин маблағ ўтказди. Киевга Халқаро валюта жамғармасидан 4 миллиард еврога яқин маблағ келиб тушди.
Reuters агентлиги келтирган Украина расмийлари маълумотига кўра, 2022 йил феврал ойи охиридан бери Украина 73,5 миллиард доллар (67,5 миллиард евро)дан ортиқ молиявий ёрдам олган. Мамлакат ўз бюджети даромадларининг катта қисмини, масалан, солиқларни, армияни молиялаштириш ва Россия ҳужумидан мудофааланиш учун сарфлайди. Украина ҳукуматига ғарбдан пул биринчи навбатда пенсия, маош тўлаш ва ижтимоий харажатлар учун керак.
Янги молиялаштириш дастурлари ҳозирча тўхтатилган
Декабр ойида Украинага умумий қиймати 50 миллиард евро бўлган молиявий ёрдам Евроиттифоқ бюджетига киритилмади, чунки Венгрия бунга рози бўлмади. Январ ойида Брюсселда Европа Иттифоқининг навбатдан ташқари саммити ўтказилиши керак, унинг иштирокчилари Украинани молиялаштириш масаласини яна муҳокама қилади. Европа Иттифоқи, агар келишувга эриша олмаса, Венгрия ветосини четлаб ўтиб, Киевга 2027 йилгача 20 миллиард евро миқдорида макромолиявий ёрдам ажратиш бўйича «Б режаси»ни тайёрламоқда, деб хабар берди Financial Times декабр охирида манбаларга таяниб.
Бундан ташқари, Украинага фавқулодда ёрдам сўрови АҚШ Конгрессида блокланган, чунки республикачилар, бошқа нарсалар қатори, бу қарорни ички иммиграция қонунларини сезиларли даражада кучайтириш билан боғлаб қўймоқчи. Октябр ойида АҚШ президенти Жо Байден конгрессменларга Украина, Исроил ва Ҳинд-Тинч океани минтақасидаги операциялар учун 106 миллиард доллар миқдорида фавқулодда молиялаштириш сўровини юборди, шундан 61 миллиард доллар (56 миллиард евро) Киев учун мўлжалланганди. Қонун чиқарувчилар бу маблағни ажратиш бўйича ҳалигача келиша олмади. АҚШ Конгресси масалани январ ойида кўриб чиқишни режалаштирмоқда.