Жаҳон | 10:09 / 08.01.2024
9657
4 дақиқада ўқилади

Британия ўз ядро ёнилғисини ишлаб чиқаришни бошлайди

Британия ҳозирда Россия ҳукмрон бўлган бозор - юқори ҳажмли кам бойитилган уран асосида ёнилғи ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда.

Фото: Julian Stratenschulte / dpa / Global Look Press

Британия юқори ҳажмли кам бойитилган уран асосида ёнилғи (High-Assay Low-Enriched Uranium, HALEU) ишлаб чиқариш дастурини яратишга 300 миллион фунт стерлинг (тахминан 348,5 миллион евро) сармоя киритмоқда. Британия ҳукуматининг 7 январ, якшанба куни расмий сайтида эълон қилинган хабарига кўра, ташаббусдан мақсад - РФдан ушбу турдаги ёнилғи етказиб беришга глобал қарамликни камайтириш.

Баёнотга кўра, Британияда HALEU асосида ёнилғи ишлаб чиқариш бўйича биринчи завод 2030-йилларнинг бошида ишлай бошлайди. Бундан ташқари, мамлакат 10 миллион фунт стерлинг (тахминан 11,6 миллион евро) маблағни замонавий ядро ёнилғисининг бошқа турларини ўрганишга сарфлайди.

HALEU асосидаги ёнилғи беш фоиздан 20 фоизгача бойитилади, айни пайтда ишлаётган атом электр станцияларининг аксарияти эса атиги беш фоизгача бойитилган уран билан ишлайди, дея таъкидлайди AFP. Бироқ, сўнгги йилларда HALEU соҳасидаги ўзгаришлар энергия бозорида тобора кўпроқ эътиборни тортмоқда - Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) уни «келажак ёнилғиси» деб атаяпти.

Британия Россияни ядро ёнилғиси бозоридан сиқиб чиқармоқчи 

HALEU’нинг асосий хусусиятларидан бири шундаки, у атом электр станцияларида нисбатан ихчам модулли реакторларда қўлланиши мумкин, бу эса, ўз навбатида, АЭС қуриш жараёнини осон ва арзон қилади, дея қайд этган Британиянинг энергия хавфсизлиги ва углерод нейтраллиги бўйича давлат котиби Клэр Коутино.

Ҳозирги вақтда бу турдаги ёнилғи фақат АҚШ ва Россияда ишлаб чиқарилади, аммо ишлаб чиқариш қуввати пастлиги сабабли АҚШ уни экспорт қила олмаяпти. Россия бозорда монополист ҳисобланади, бироқ Британия «унинг ядровий ёнилғи учун тўлов талаб қилишига йўл қўймайди» ва уран ёнилғисини экспорт қилиш орқали уни глобал бозорлардан сиқиб чиқариш ниятида, деди Коутино. 

Энергетика бозорларидаги вазият РФнинг Украинага қарши уруш бошланганидан кейинги ҳаракатлари туфайли янада мураккаблашди. Шу тариқа, Москва «дўст бўлмаган мамлакатлар» харидорларидан Россия гази учун рублда тўловни амалга оширишни талаб қилди, бу эса ёнилғи нархининг кўтарилишига сабаб бўлди. Кейинроқ Россиянинг «Газпром» концерни Европанинг бир қатор давлатларига газ етказиб беришни тўхтатди. 

РФдан ядро ёнилғиси ҳали ЕИ санкцияларига дучор бўлмаган – Словакия ва Венгрия каби Европа мамлакатларидаги АЭС ушбу таъминотга тўлиқ боғлиқ. 

HALEU углерод нейтраллигига эришишга ёрдам беради 

Лондоннинг HALEU асосида ёнилғи ишлаб чиқариш режалари углерод нейтраллигига эришиш учун глобал мақсадларга мос келади, деди Коутино. Мамлакат қазиб олинадиган ёнилғидан воз кечишни ўз ичига олган илгари имзоланган иқлим келишувига амал қилмоқда. 

Буюк Британия 2035 йилга бориб бу мақсадларга эришмоқчи, 2050 йилга бориб эса - мамлакатнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжи тўртдан бир қисмини АЭС ишлаши ҳисобига қоплаш ниятида. 

Шу билан бирга, углерод нейтраллигига интилаётган барча мамлакатлар ҳам атом электр станцияларини қазиб олинадиган ёнилғига муқобил вариант сифатида кўрмаяпти. Германияда, ҳатто РФнинг Украинага қарши уруши ва «газ шантажи» фонида ҳам, 2023 йил баҳорида охирги ишлаётган АЭС ўчирилди. Мамлакат ҳукумати қайта тикланадиган энергия манбаларига таянмоқда, деди кейинроқ Германия канцлери Олаф Шолц. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид