Жамият | 09:25
749
2 дақиқада ўқилади

Хавфли деб топилган ёнилғи шохобчалари хавфсиз ҳудудларга кўчирилади

Ўзбекистонда инсонлар ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдираётган, шунингдек хавфсизлик ва шаҳарсозлик талабларига жавоб бермайдиган ёнилғи қуйиш шохобчалари ҳамда газ тўлдириш иншоотлари босқичма-босқич хавфсиз ҳудудларга кўчирилади.

Фото: Kun.uz

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан ёнилғи қуйиш шохобчалари ва газ тўлдириш иншоотларида авария ҳамда нохуш ҳодисаларнинг олдини олишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.

Қарорга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 2026 йил 1 сентябрга қадар хавфсизлик, саноат ва ёнғин хавфсизлиги, экологик ҳамда шаҳарсозлик нормаларига жавоб бермайдиган ёнилғи қуйиш шохобчалари ва газ тўлдириш иншоотлари реестрини шакллантиради.

Шундан сўнг мазкур объектларни босқичма-босқич хавфсиз ҳудудларга кўчириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилади. Қарорда кўчирилган объектлар жойлашган ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар тадбиркорлар ихтиёрида сақланиб қолиши белгиланган.

Ҳужжатда, шунингдек, хавфсиз ҳудудларга кўчирилган автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларига истисно тариқасида газ тармоқларига уланиш учун техник шартлар расмийлаштириб берилиши назарда тутилган.

Мазкур чоралар ёнилғи қуйиш шохобчалари ва газ тўлдириш иншоотларида хавфсизлик талабларини кучайтириш, авариялар хавфини камайтириш ҳамда аҳоли хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид