Жаҳон | 21:53 / 08.01.2024
6517
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда зўравон эрлар уйдан вақтинча ҳайдаб чиқарилиши мумкин 

Мамлакатда оилавий зўравонликка қарши чоралар кучайтирилмоқда. 

Қозоғистон Мажилиси (парламент қуйи палатаси) депутатлари Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда оилавий зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш учун «муштумзўрлар»ни уйдан вақтинчалик чиқариб юборишни назарда тутувчи қонунни тайёрлади. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Маъмурий полиция қўмитаси раиси ўринбосари Ренат Зулхаиров маълум қилди. 

Унга кўра, қасддан баданга енгил шикаст етказиш ва дўппослаш учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда. Ҳозир бундай ҳаракатлар маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида талқин қилинади. 

«Ҳуқуқбузарнинг хулқ-атворига қўйиладиган махсус талаблар доирасида судга тажовузкорни уйдан вақтинча чиқариб юбориш ҳуқуқи берилади. Шу билан бирга, уни ижтимоий мослашув марказларига жойлаштириб, ўз ҳаракатлари ҳақида ўйлаб кўриш учун имкон берилади. Шунингдек, суд тажовузкорни соғлиқни сақлаш ташкилотларида мажбурий психокоррекция курсларидан ўтишга мажбурлаш ҳуқуқига эга бўлади», деб тушунтирди у. 

2024 йилда Қозоғистон Ички ишлар вазирлигида оилавий зўравонликка қарши кураш бўйича ихтисослаштирилган бўлинма ташкил этилиши, шунингдек, маиший соҳадаги зўравонлик билан боғлиқ жиноятлар ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда инқироз марказларини кўпайтириш, ижтимоий-психологик коррекция амалиётини жорий этиш кўзда тутилган. 

2023 йилда Қозоғистон оилавий зўравонлик учун жавобгарликни қонунчилик билан кучайтирди. Янги қонунчилик доирасида 50 минг мурожаат кўриб чиқилди ва материалларнинг 64 фоизи бўйича маъмурий иш қўзғатилди. Шу билан бирга, маъмурий қамоққа олинганлар сони икки баравар кўпайди. Судда 27 мингдан ортиқ оила яраштирилди.

Мавзуга оид