Жаҳон | 12:03 / 08.01.2024
9298
2 дақиқада ўқилади

Россия яна «Кинжал» ракеталари билан Украинага ҳужум қилди

8 январ куни эрта тонгда Россия яна бир бор Украина ҳудудига йирик ракета ҳужуми уюштирди. Харкив, Запорижжя ва Кривий Рохда портлашлар эшитилди. УҚК маълумотларига кўра, ракеталардан бири Лвив вилоятига йўналтирилган.

Фото: Telegram / synegubov

Россия армияси яна юқори тезликда учувчи «Кинжал» аэробаллистик ракеталари ва бошқа қуроллар билан Украинага ҳужум қилди. 8 январ, душанбага ўтар кечаси бутун Украина бўйлаб ҳаво ҳужуми тўғрисида огоҳлантириш эълон қилинди, УҚК Ҳаво кучлари Россия стратегик авиация самолётлари томонидан ракеталар учирилгани ҳақида хабар берди. Нижегород ва Мурманск вилоятларидаги аэродромлардан 11 та Ту-95МС ва 4 та Миг-31К стратегик бомбардимончи самолётлари ҳавога кўтарилган. Бундан ташқари, Каспий денгизи ҳудудидан ракета учирилиши қайд этилган.

Украинанинг қатор шаҳарларида портлашлар содир бўлди

Украинанинг қатор шаҳарларида портлашлар содир бўлгани хабар қилинган. Харкив ВҲМ раҳбари Олег Синегубовнинг айтишича, россияликлар Харкивга камида тўртта зарба берган. «Қурол тури аниқланмоқда. Айни пайтда қурбонлар йўқ», деб ёзди у Telegram’да. Бошқа нарсалар қаторида, Чугуевск тумани Змиёв шаҳридаги хусусий уйда вайроналар қайд этилган, деди у.

Бундан ташқари, Днипро, Кривий Рох ва Запорижжяда портлашлар эшитилди. Кривий Рох мудофаа кенгаши раиси Александр Вилкул шаҳар йирик ракета ҳужумига учраганини айтди. Украина ОАВ Хмелницк вилоятида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ишлаб кетгани тўғрисида хабар берди. Украина ахборот каналлари Кривий Рохдаги савдо марказида ёнғин содир бўлгани, шунингдек, Запорижжядаги қурбонлар ҳақида маълум қилди, бу шаҳарда ракеталар турар жой туманларига – очиқ жойлар ва бинолар яқинига келиб тушган. 

УҚК Ҳаво кучларига кўра, ракеталар, жумладан, Украина ғарбига қаратилган. Хусусан, Telegram’да маълум қилинишича, ракета Ивано-Франкивск вилояти орқали Лвив йўналишида учиб ўтгани қайд этилган.

Украина ҳудудига ракета зарбаси бир кун аввал, рождество кечасида ҳам амалга оширилди. 

Мавзуга оид