Жаҳон | 15:12 / 10.01.2024
3245
2 дақиқада ўқилади

Навалний «Полярный волк» колониясида жазо изоляторига юборилди

Декабр ойининг охиридан бери Алексей Навалний Ямало-Ненец автоном округидаги «Полярный волк» ахлоқ тузатиш колониясида қамоқ жазосини ўтамоқда. 

Фото: Tatyana Makeyeva/AFP/Getty Images

Алексей Навалний 2023 йил декабр ўрталарида кўчирилган Ямало-Ненец автоном округидаги «Полярный волк» ахлоқ тузатиш колониясида жазо камерасига жўнатилди. Бу ҳақда сиёсатчининг ижтимоий тармоқларда 9 январ, сешанба куни чоп этилган постида айтилади. «Мени Узоқ Шимолдаги баракка қамаб қўйишгани ва энди жазо камерасида таъқиб қилиш тўхтатилади, деган фикр соддалик эди. Мен карантиндан эндигина чиққандим, аммо «маҳкум Навалний ўзини тўғри таништиришдан бош тортди, тарбиявий ишларга реакция билдирмаяпти, ўзи учун тўғри хулоса чиқармаяпти», дейишди. 7 кун жазо камерасида бўламан», деди сиёсатчи.

Навалнийнинг сўзларига кўра, жазо камерасидаги кундалик тартиб бошқача, шунинг учун у эрта тонгда сайрга чиқишига тўғри келяпти. «Эрталаб соат 6:30 да Ямалда сайр қилишдек тетиклаштирувчи нарса бошқа йўқ бўлса керак. Бетон панжарага қарамай, ҳовлига қандай ажойиб шабада эсишини эса тил билан таърифлаб бўлмайди!» - дейилади постда. 

«Полярный волк» колониясига кўчирилишидан олдин сиёсатчи Владимир вилояти Мелехово қишлоғидаги ИК-6да эди. Навалний у ерда жазо камерасига 23 марта юборилган. 

Декабр ойи бошида Навалнийнинг сафдошлари деярли уч ҳафта давомида у билан алоқага чиқа олмади. Унинг қаерда эканлиги 25 декабргача, сиёсатчи Ямало-Ненец автоном округидаги ИК-3га ўтказилгани ҳақида маълумот пайдо бўлгунга қадар маълум эмас эди.

Мавзуга оид