Жаҳон | 10:03 / 10.01.2024
6117
2 дақиқада ўқилади

Россиянинг Орёл шаҳрида дронлар нефт омборига ҳужум қилди

Орёл вилояти губернатори ёнилғи-энергетика объектига иккита дрон қулагани ҳақида хабар берди. Telegram-каналлари нефт базасига қилинган ҳужум ҳақида ёзмоқда.

Фото: Telegram / Астра

Россиянинг Украина билан чегарасидан қарийб 170 километр узоқликда жойлашган Орёл шаҳрида иккита учувчисиз учиш аппарати «ёнилғи-энергетика комплекси объекти» устига қулади, деди 9 январ, сешанба куни Орёл вилояти губернатори Андрей Кличков. Ёнғин содир бўлди, у, Кличков сўзларига кўра, «зудлик билан ўчирилди». 

Бироз вақт ўтгач, Кличков дронлар ҳужуми натижасида уч киши жароҳатланганини қўшимча қилди - улар ўртача даражада жароҳат олган. Улардан икки нафари касалхонага ётишдан бош тортган. Губернатор, шунингдек, яна бир - учинчи дрон Орёл вилояти Малая Саханка қишлоғи яқинидаги нотурар жойга қулаганини айтди. Унинг сўзларига кўра, жабрланганлар қайд этилмаган. 

ОАВ: нефт омбори ва энергетика объекти ҳужум остида 

Россиянинг Mash ва 112 Telegram-каналлари Украина камикадзе дрони «Орелнефтепродукт» нефт базасига ҳужум қилгани ва ёнғин содир бўлмагани ҳақида ёзмоқда. Shot маълумотларига кўра, дрон бўш резервуарга қулаган. Бундан ташқари, «Орелэнерго» биносига ҳужум уюштирилгани айтилмоқда. У ерда, очиқ манбаларга кўра, маҳаллий энергия тизимининг бошқарув маркази жойлашган. 

Россия Мудофаа вазирлиги 9 январ куни тушдан кейин Курск ва Орёл вилоятлари узра саккизта Украина дрони зарарсизлантирилгани ҳақида хабар берди. Бундан ташқари, Россия ҳарбий идораси ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари билан Брянск вилояти узра Украина учувчисиз учоғи йўқ қилинганини билдирди. Украина қуролли кучлари бу маълумотга изоҳ бермади. 

«Украинская правда» ва «РБК-Украина» манбаларининг хабар беришича, Орёлга учувчисиз учоқлар ҳужуми Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси томонидан Рақамли ривожланиш вазирлиги ва «Вернись живым» жамғармаси кўмагида уюштирилган.

Мавзуга оид