Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Финландиянинг Россия билан чегараси яна бир ой ёпиқ қолади
Финландиянинг шарқий чегараси 11 февралгача ёпиқ бўлади. Ҳелсинкидаги ички ишлар вазирлиги буни миллий хавфсизлик талаблари билан изоҳлади.
Ҳелсинки Россия билан шарқий чегарасини ёпиш муддатини яна бир ойга, 11 февралга қадар узайтирмоқда. Бу ҳақда Финландия ички ишлар вазири Мари Рантанен 11 январ, пайшанба куни маълум қилди. Финландия ички ишлар вазири Мари Рантанен бу қарор миллий хавфсизлик нуқтайи назаридан келиб чиқиб қабул қилинганини тушунтирди. «Миллий хавфсизлик Финландия учун ҳал қилувчи масала бўлиб қолмоқда», - дея Рантанен сўзларидан иқтибос келтирган Yle телерадиокомпанияси.
Ички ишлар вазирлиги раҳбари чегаранинг ёпилиши Финландияда яшовчи россияликлар ва икки фуқароликка эга бўлган шахсларга салбий таъсир кўрсатаётганини тан олди, бироқ бошпана изловчилар билан чегарадаги вазият ўзгармаганини ва «гибрид таъсири таҳдиди» сақланиб қолаётганини таъкидлади.
Россия билан чегара қулфланган
Финландиянинг шарқий чегарасидаги чегара ўтказиш пунктлари 2023 йил декабр ойи ўрталаридан бошлаб ёпилган. Ноябр ойи ўрталарида тегишли ҳужжатлари бўлмаган бошпана изловчилар оқими туфайли дастлабки назорат пунктлари ўз фаолиятини тўхтатди. Финландия Россияни муҳожирлар оқимини ташкиллаштиришда айблади. Бошпана изловчилар оқими камаймаганлиги сабабли, ноябр ойи охирида Россия Федерацияси билан барча чегара пунктлари ёпилди.
14 декабр куни Финландия иккита назорат-ўтказиш пункти - «Ваалима» ва «Ниирала» (Россия томонида - Ленинград вилоятидаги «Торфяновка» ва «Брусничное») ишини тиклашга ҳаракат қилди, аммо биринчи куниёқ 100 дан ортиқ бошпана изловчилар Россиядан кириб келди ва Финландия ҳукумати бутун шарқий чегарани яна бир ойга, 14 январгача ёпди. Ўшанда ички ишлар вазири Рантанен Финландияга ноқонуний равишда киришга уринаётган одамлар оқими тўхтагандагина вазият нормаллашишини айтди.
Россия Ҳелсинкининг айбловларини рад этди. Кремлнинг таъкидлашича, чегара пунктларидан қонуний ҳуқуққа эга бўлганлар фойдаланади ва Россия чегарачилари расмий кўрсатмаларга тўлиқ амал қиляпти.
Мавзуга оид
08:35 / 03.06.2026
«Нафтогаз» Россиядан товон ундиришни давом эттирмоқда
10:51 / 20.03.2026
Энг бахтли мамлакатлар маълум қилинди
15:49 / 06.02.2026
Финландия АҚШни Украинага кафолатларни эҳтиёткорлик билан таърифлашга чақирди
14:54 / 28.01.2026