22:13 / 12.01.2024
5835

Украина ва Буюк Британия хавфсизлик кафолатлари тўғрисида битим тузди

Битим Украина НАТО ташкилотига аъзо бўлгунга қадар амал қилади ва кенг кўламли ҳарбий ёрдамни назарда тутади. 

Фото: AFP

Украина президенти Володимир Зеленский ва Буюк Британия бош вазири Риши Сунак Украина НАТО ташкилотига аъзо бўлгунга қадар амал қиладиган хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги келишувни имзолади. 

Аввалроқ, Вилнюсдаги НАТО саммитида G7 давлатлари декларация қабул қилиб, ҳар бири Украинага хавфсизлик кафолатларини беришни зиммасига олган эди. Шундай қилиб, Буюк Британия G7 давлатларидан биринчи бўлиб тегишли келишувни тузди. 

Британия расмийлари «тарихий» деб атаган келишувда Украинага янги ҳужум уюштирилган тақдирда Буюк Британия Киевга «тезкор ва узлуксиз» мудофаа ёрдамини кўрсатиши кўзда тутилган. 

Шартнома шунингдек, Буюк Британиянинг Украинага кўрсатаётган ёрдамини, жумладан, разведка маълумотларини алмашиш, киберхавфсизлик ва мудофаа саноати соҳасида ҳамкорликни, тиббиёт ходимлари ва ҳарбий ходимларни тайёрлашни назарда тутади. 

«Бугун Европа тарихи ўзгарган кун. Украина ва Буюк Британия хавфсизлик бўйича мисли кўрилмаган янги шартнома имзолади. Бу шунчаки декларация эмас. Бу бизнинг ҳамкорлигимиз, хусусан, Буюк Британиянинг буюк глобал қудрати томонидан берилган хавфсизлик кафолатлари туфайли юзага келадиган ҳақиқатдир», деди Зеленский. 

Президент, шунингдек, агар 1991 йилда ҳам Украинага шундай кафолатлар берилганида, уруш бошланмаган бўлишини қўшимча қилди. 

Буюк Британия бош вазири Риши Сунак украиналикларни ёрдамсиз қолдирмасликка ишонтирди. «Украина ҳеч қачон ёлғиз қолмайди», деди у. Шунингдек, Украинани қўллаб-қувватлаш ҳаётий зарурат эканини айтди. Сунак сўзларига кўра, агар Владимир Путин «Украинада ғалаба қозонса, шу билан тўхтаб қолмайди». 

Аввалроқ, Буюк Британия 2024-молия йилида (апрел ойида бошланади) Украинага 2,5 миллиард фунт стерлинг миқдорида ҳарбий ёрдам беришини маълум қилганди. Бош вазир Риши Сунак сўзларига кўра, пакетга ҳаво ҳужумидан мудофаа ускуналари, танкка қарши қуроллар, узоқ масофали ракеталар ва минглаб снарядлар киради.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top