Эрон Қизил денгиздаги ҳусийлар ҳужумларини тўхтатиш шартини айтди
Бунинг учун Исроил Ғазодаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиши керак.
Исроил Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётини давом эттирар экан, Яман ҳусий исёнчилари Қизил денгиздаги Исроил кемаларига ҳужум қилишни тўхтатмайди, деди Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён. Унинг сўзларини Interfax келтирди.
«Хусийлар бизни денгиздаги хавфсизликка путур етказмаётганига ишонтирди, бироқ уларнинг позицияси шуки, Ғазодаги уруш давом этар экан, Исроил кемаларига қарши чора кўрилаверади», деди вазир.
Унга кўра, Теҳрон Швейцария расмийлари орқали Вашингтон эътиборига Ғазодаги жанглар зудлик билан тўхтатилиши кераклигини етказган. У, шунингдек, АҚШ ва Британияни ҳусийларга ҳужум қилмасликка чақирди.
«Америка бир вақтнинг ўзида урушни тўхтатиш ва шу билан бирга Яманга қарши ҳаракат қилиш истаги ҳақида гапира олмайди», деб хулоса қилди вазир.
2023 йил 7 октябрда ҲАМАС Исроилга ҳужум қилди. Бунга жавобан Исроил Ғазо ҳудудида ҳамасчиларга қарши ҳарбий операция бошлади. Бу воқеалар Яқин Шарқдаги бир қатор гуруҳларнинг Ироқ ва Суриядаги Америка кучларига қарши ҳужум қилишига олиб келди ва ҳусийлар ўз навбатида Қизил денгиздаги кемаларга қарата ўқ узишни бошладилар.
Ўтган ҳафта АҚШ ва Буюк Британия Қизил денгизда кемаларга давом этаётган ҳужумларига жавобан Ямандаги ҳусийлар ҳарбий нишонларига бир қатор ҳаво зарбаларини берди. Ҳужумлар Австралия, Нидерландия, Баҳрайн ва Канада кўмагида амалга оширилди.
Мавзуга оид
23:52 / 26.11.2024
АҚШда клиник ўлимдан омон қолган эркак вақт ўтиб жиноятчига айланди
18:19 / 26.11.2024
Boeing АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларидан 2,4 млрд долларлик буюртма олди
18:06 / 26.11.2024
Трамп Мексика, Канада ва Хитой товарларига бож жорий этилишини эълон қилди
10:10 / 26.11.2024