13:23 / 15.01.2024
2866

Новомосковск шаҳрида юзлаб уйлар ва шифохона иссиқлик таъминотисиз қолди

Новомосковскдаги давлат туман электр станциясида трансформаторнинг ишдан чиқиши туфайли 372 та кўп қаватли уй, 10 та мактаб, 16 та болалар боғчаси ва 1 та касалхонада иситиш батареялари совиб кетди.

Фото: Valery Sharifulin/TASS/picture alliance

Тула вилоятининг Новомосковск шаҳрида давлат туман электр станциясидаги авария натижасида 372 та кўп қаватли уй, 10 та мактаб, 16 та болалар боғчаси ва битта шифохона иссиқлик таъминотисиз қолди, деб хабар берди якшанба, 14 январ куни маҳаллий ОАВ ва рус тилидаги Telegram-каналлари.

«Мутахассислар электр станцияси ишини қайта тиклашга ҳаракат қилмоқда, аммо ҳозирча бунинг имкони бўлмаяпти - аҳолининг ёзишича, уйларидаги батареялар совиб кетган. Шаҳарда ҳаво ҳарорати -12 даража», - дейилган Baza Telegram-канали хабарида. 

Айни пайтда, «Первый тульский» телеканали ўз сайтида Новомосковская давлат туман электр станциясида трансформаторнинг юқори кучланишли қисми ишламай қолгани ҳақида хабар берди. Таъкидланишича, минтақавий ҳукумат Новомосковскка «қўшимча ресурслар» жўнатилиши ва фавқулодда вазиятлар гуруҳлари тайёрланиши ҳақида эълон қилган. Бундан ташқари, шаҳарга кўчма электр станциялари юборилади.

Россияда иссиқлик таъминоти тизимидаги авариялар 

Россияда рекорд даражадаги совуқлар фонида, 2024 йил бошидан буён мамлакатнинг деярли 20 та ҳудудида иссиқлик таъминоти тизимида авариялар содир бўлди. Энг йирик авария Москва вилоятининг Подолск шаҳрида рўй берди, унда 174 та кўп қаватли уй аҳолиси бир ҳафтадан кўпроқ вақт давомида иссиқлик таъминотисиз қолиб кетди. Авария юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, икки нафар гумонланувчи тергов изоляторига жўнатилди.

13 январ куни Липецкда иссиқлик трассасида рўй берган авария туфайли 40 дан ортиқ кўп қаватли уйлар иссиқликсиз қолган эди. Марказий Россия, Доғистон, Приморе, Карелия ва Уралнинг бир қатор ҳудудларида ҳам иссиқлик магистралида авариялар содир бўлди. Натижада ўн минглаб одамлар иссиқлик таъминотисиз қолди.

Top