Исроил устидан халқаро суд бошланди: кутилмалар қандай?
БМТнинг Ҳаагада жойлашган Халқаро суди Исроил Ғазода геноцид содир этгани ҳақидаги айбловларни кўриб чиқа бошлади. Хўш, Исроилни нега мусулмон давлатлари эмас, Жанубий Африка Республикаси судга берди? Бу қандай натижа беради? Нетаняҳу суд жараёнларига жалб этилиши мумкинми? Kun.uz мухбири шу каби саволлар билан Яқин Шарқ масалалари бўйича эксперт Фарҳод Каримовга юзланди.
— Халқаро судга нега бундай даъво билан бирорта қудратли мусулмон давлати эмас, Жанубий Африка Республикаси арз қилди?
— Ростдан ҳам, бундай даъволар мусулмон давлатларидан кутилган эди. 11 январда судда биринчи эшитишлар бошланди. Нега айнан ЖАР? Бу давлат бундан анча илгари – 30-40 йиллар олдин Фаластин билан бирга эканини билдирган ва шундан бери шу позицияда турибди. ЖАРда худди шундай муаммолар бўлган: Европадан кўчиб келганлар маҳаллий аҳолини сиқиб чиқаришга уринган, ирқий камситган, шу маънода бу дард уларга бегона эмас.
Бундан ташқари, геосиёсий сабаблар ҳам бор. Бугун халқаро муносабатларда глобал жануб ва коллектив ғарб каби тушунчалар шаклланмоқда. ЖАР эса глобал жануб вакили, шунинг учун ҳам БРИКСга аъзо, АҚШ ва Ғарб давлатларига баланс бўлоладиган ташкилотлар аъзоси. Шу нуқтайи назардан Исроилни қўлловчи давлатларга эътироз сифатида ҳам бу ишни қилди. Яна бир нарса. Бу иш билан ЖАРнинг ҳамкорлари бўлмиш Россия, Хитой каби давлатларга яқинлашишни билдиради. Учта сабабни келтирдик, лекин барибир энг асосийси – биринчи сабаб.
— Суд жараёнига Исроил бош вазири Нетаняҳу ҳам жалб этилиши эҳтимоли борми?
— Олдин суд масаласига ойдинлик киритсак. Ҳаагада 2 та суд бор: Халқаро жиноят суди (асоси – Рим статути) ва БМТнинг Халқаро суди. Ҳозирги бўлаётган суд жиноят судида эмас, БМТнинг халқаро судида кўриляпти. Бу суднинг қарорлари кўпроқ декларатив хусусиятга эга, чора кўриш, амал қилиш механизмлари тўлиқ ишламайди. Қайсидир жараёнга таъсир қилиш, санкциялар жорий этиш кабиларда хизмат қилиши мумкин, лекин ижро масаласида анча муаммолар бор.
Биринчидан, ҳали Нетаняҳуга нисбатан қарор чиққани йўқ. Иккинчидан, агар шахсан унга нисбатан Халқаро жиноят судига даъво киритилган тақдирда ҳам, Рим пактини ратификация қилган ва қилмаган давлатлар бор. Қабул қилмаган давлатлар учун бу суд ҳукмлари мажбурий эмас.
Ўйлайманки, Нетаняҳунинг мажбуран олиб келиб суд қилиниши эҳтимоли жуда паст. Чунки бугунги кунда халқаро ҳуқуқ кўпроқ куч омилига таяняпти. Кимнинг қўлида иқтисодий, ҳарбий куч бўлса, ўшанинг гапи ўтяпти. Шунинг учун кучли бўлмаган давлатларга қийин, ҳуқуқини талаб қилиши мумкин, лекин амалга ошириш механизмлари ишламайди. Шу нуқтайи назардан ҳам бу суд реал ҳолатда жавобгарликка тортади деб ўйламайман.
Лекин суд ҳукми билан Исроилга таъсир қилиб, ҳеч бўлмаганда ҳарбий ҳаракатлар тўхтайди, деб умид қилиш мумкин. Ҳали суднинг тугаши ҳам номаълум. Баъзи геноцид масалалари ҳали ҳам кўриляпти ёки ижроси амалда бўлгани йўқ.
Геноцид ўзи нима? Геноцид – бирор бир сиёсий, этник, диний омиллар асосида бирор бир халқни қириб ташлаш, ҳудуддан чиқариб юбориш ёки этник демографиясига, хусусан кўпайишига тўсқинлик қилиш. 1948 йилдаги геноцид бўйича конвенция қабул қилинган, унга Исроил ҳам аъзо. Бугунги Ғазода бўлаётган ишлар шу конвенцияга тўғри келяпти, яъни тинч аҳоли ўлдириляпти. Лекин исботлаш масаласи анча вақт талаб қилади. Турли ҳужжатлар, видеотасвирлар, фактлар, гувоҳлар керак бўлади, шунинг учун иш кўрилиши бир неча йилларга ҳам чўзилиши мумкин
Шу билан бирга, исботлар шундоқ ҳам кўриниб турибди. 30 мингдан ошди қурбонлар, шундан бўлса мингтаси, ёки 2-3 мингтаси ҲАМАС аъзолари бўлиши мумкин, қолгани – тинч аҳоли, болалар, аёллар... Геноцид учун яхшигина исбот. Аммо ҳуқуқий томондан исботлаш масаласи бор. Ҳуқуқ кимнинг қўлида, деган савол ҳам бор-да. Юқорида айтганимдек, халқаро муносабатларга таяняпти. Ҳали исботланиш қийин бир масала бўлса, ҳукм ижросини таъминлаш бир оғир масала.
— Халқаро ҳужжатлар тавсиявий аҳамиятга эга. Эҳтимолий Ҳаага суди қарори Исроил босқинини тўхтата оладими?
— Суд холис қарор чиқаришига ишониш мумкин. Судялар таркибида бетараф давлатлар вакиллари бор. Уларнинг қарорлари объектив бўлиши эҳтимоли катта. Аммо барибир ижро масаласи қийин.
Халқаро муносабатларда тийиб туриш механизми ишлаши керак. Бугунги халқаро тизимда эса тийиб туриш механизми йўқ, ким кучли бўлса, ўшанинг хоҳиши бўляпти. Шундай бир ҳолатда реал қарасак, бу суд қарорлари ижроси имконсиз.
— Суд эшитувлари бошланиши, халқаро босим ошиши Нетаняҳу ҳукуматига, урушнинг боришига таъсир ўтказадими?
— Таъсири бўлади, албатта. Минтақа давлатларининг бу борада бир қарорга келиши, позициявий томондан, иккинчи томондан уруш ҳаракатлари қимматга тушиши, халқаро босимлар ҳам таъсир қилади. Аммо бу таъсир бир кунда бўлмайди. Қарорлар ижро этилиб, санкцион рўйхатлар тузилиб, меъёрлар ишлаб чиқилгандан кейин ҳам шу меъёрларга амал қиладиган иккинчи қутбда Хитой, кўрфаз араб давлатлари каби кучли давлатлар бўлиши ва талаб қилиб туриши керак. Керак бўлса, амал қилинмаган ҳолатларда жазо чоралари кўрилиши лозим. Масалани фақат Ҳаага судига қўйиб қўйиш бўлмайди, ҳукмга амал қилувчи кучли давлатлар керак.
— Нега Туркия, Саудия каби аҳолисининг аксар қисмини мусулмонлар ташкил этувчи давлатлар судга мурожаат қилишмади?
— Барибир бу давлатларнинг асосий иқтисодий ҳамкорлари АҚШ ва Ғарб давлатлари. Уларнинг шундай даражага етишида, иқтисодий ўсишида ғарбдан фойдаланилган. Тарозига солинганда иқтисодий манфаатлар устун келди.
Иккинчидан, Туркия – НАТОнинг энг асосий аъзоларидан бири. Унинг хавфсизлиги НАТО орқали ҳам таъминланади, НАТОда эса Исроилни қўлловчи АҚШ ва Ғарб давлатлари бор. Шундай бир ҳолатда, Туркия каби давлатлар хавфсизлик ва миллий манфаатлар юзасидан бундай қарорларга келмаяпти. Агар реал қадамлар ташласа, ўзига оғир оқибатларни олиб келиши, бундан ташқари иқтисодий блокадага тушиб қолиши мумкин, Туркия ҳам, Саудия ҳам Эроннинг ҳолига тушиб қолишни истамайди.
— Вазиятга умумий қарайдиган бўлсак, эҳтимолий кутилмалар нималар?
— АҚШда бўладиган сайловлар, бошқа қудратли давлатлардаги сиёсий жараёнлар фонида урушдаги интенсивлик пасайиши керак. Исроил ҳам ёрдамларсиз уруш олиб боролмайди. Унга иттифоқчи бўлган давлатларнинг ички ва ташқи дунёда обрўси тушиб кетаётгани учун ҳам Исроилга таъсир қилинади. Шу маънода интенсивлик тўхтайди, деб умид қиламиз.
Исроил охиригача бормоқчи бўляпти, бу тактик жиҳатдан ғалаба олиб келиши мумкин, лекин стратегик жиҳатдан мағлуб бўлади. Буни АҚШ ҳам, Ғарб ҳам билади. Исроилнинг эълон қилиб қўйган стратегик режалари бор, шунинг учун у бирдан тўхтамайди. Аммо Исроилга ёрдам чекланади ва интенсивлик тўхтайди. Геноцид сифатида тарихда қолса, бир неча ўн йилдан кейин оғир оқибатлар билан Исроилнинг бошига тушади.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
21:41 / 26.11.2024
Нетаняҳуни қамаш буюрилди. Бу Исроилга қурол етказилишига тўсиқ бўла оладими?
14:17 / 26.11.2024
Бахтиёр Саидов яҳудий раввиннинг ўлими муносабати билан Исроил элчисига ҳамдардлик билдирди
19:34 / 25.11.2024
ОАВ: Исроил Ливанда ўт очишни тўхтатишга рози бўлди
16:57 / 25.11.2024