Жаҳон | 12:57 / 16.01.2024
2093
2 дақиқада ўқилади

Уруш бошланганидан бери РФда «фейклар» бўйича 273 та жиноий иш қўзғатилди

2022 йилдан бери РФ Тергов қўмитаси ҳарбий «фейклар» бўйича 273 та ва Россия армиясини «обрўсизлантириш» бўйича 81 та жиноий иш қўзғатди, деб хабар берди Александр Бастрикин.

Фото: РИА Новости

РФда Россия армияси ҳақида «фейклар»ни тарқатиш учун жиноий жавобгарлик жорий этилгандан бери Тергов қўмитаси 273 та жиноий иш очди, улардан 90 таси - 2023 йилда. Бу ҳақда идора бошлиғи Александр Бастрикин 15 январ, душанба куни чоп этилган РИА «Новости» агентлигига берган интервюсида айтиб ўтди

Унинг сўзларига кўра, қарийб икки йил давомида ушбу модда бўйича айбланаётган 136 нафар шахсга нисбатан Россия судларига 134 та иш юборилган. ТҚ РФ қуролли кучларини «обрўсизлантириш» моддаси бўйича яна 81 та жиноий иш қўзғатди, дея қўшимча қилди Бастрикин. Судларга 44 та иш келиб тушди, уларда 45 нафар шахс номи тилга олинган.

Россияда сиёсий сабабларга кўра жиноий таъқибларнинг мустақил ҳисобини юритувчи «ОВД-Инфо» инсон ҳуқуқлари лойиҳасига кўра, 261 киши ҳарбий «фейклар» бўйича, 154 киши - Россия армиясини «обрўсизлантириш» бўйича ишларда иштирок этган. 

Армияни «обрўсизлантириш» ва РФ ҚК ҳақидаги «фейклар» бўйича моддалар

Россия армиясини «обрўсизлантириш» учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик, шунингдек, Россияда ҳарбий хизматчилар ҳақидаги «фейклар» учун жиноий жавобгарлик 2022 йил март ойида киритилган. Бир йил ўтгач, 2023 йил март ойида тегишли қонунлар ёлланма аскарлар ва «кўнгиллилар» га нисбатан худди шундай «қонунбузилишлар»ни қамраб олиш учун кенгайтирилди.

2023 йил декабр ойида РФ Давлат думаси учинчи ва якуний ўқишда Украинага қарши урушда қатнашган росгвардиячилар ҳақидаги «фейклар» учун жавобгарлик тўғрисида қонун лойиҳасини маъқуллади.

Мавзуга оид