Жамият | 08:15 / 16.01.2024
16285
2 дақиқада ўқилади

Хатирчида директор ўринбосари икки ўқувчини уриб, жароҳат етказди

Ушбу ҳаракатлари учун “завуч”га маъмурий иш қўзғатилган ҳамда ҳужжатлар судга юборилган. Расмийларга кўра, директор ўринбосари айни пайтда меҳнат таътилида, тегишли чора у ишга қайтгач кўрилади.

Kun.uz’га келиб тушган мурожаатда Хатирчи туманидаги 55-умумтаълим мактаби директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Аброр Қурбонов 11-синф ўқувчисини уриб, унга тан жароҳати етказгани айтилади.

Мурожаатда айтилишича, бу Аброр Қурбоновнинг ўқувчиларга жароҳат етказган илк ҳолати эмас: у олдинроқ – 2023 йилнинг октябр ойида мактабнинг 10-синфида ўқийдиган ўқувчини ҳам қулоғига уриб, жароҳатлаган.  

Чоршанба куни эди, дарс бўлмагани учун ошхонага кирдик. Шу пайт “завуч”имиз келиб, нима қиляпсизлар бу ерда, дея сўради. Тест ишлаб ўтирганимизни айтдим. Кейин оёғимдан тепди. Оёғимнинг бир томирчаси ёрилиб кетиб, қонаб юрди. Кейин шифокорга бордим ва гипс қилдириб келдим”, дейди оёғидан жароҳат олган ўқувчи.

Навоий вилояти ИИБ ахборот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, директор ўринбосарига нисбатан биринчи ҳолат бўйича 2023 йилнинг октябр ойида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси (ҳақорат қилиш) ва 52-моддаси (енгил тан жароҳати етказиш) билан, иккинчи ҳолат бўйича эса 2023 йилнинг ноябр ойида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 52-моддаси билан маъмурий иш қўзғатилган ҳамда тўпланган ҳужжатлар судга юборилган.

Kun.uz ҳолат юзасидан Навоий вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси билан боғланди. Бошқарма матбуот хизматига кўра, ҳолат бўйича мактаб директоридан тушунтириш хати олинган. Директор ўринбосари эса айни пайтда меҳнат таътилига чиқиб кетган. Тегишли чора у ишга қайтгач кўрилади.

Олдинроқ Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида ҳам ўқитувчилар томонидан ўқувчиларни калтаклаш ҳолатлари кузатилганди.

Мавзуга оид