«Пахтакор» футбол клуби сотувга қўйилди
«Пахтакор футбол клуби» МЧЖнинг 100 фоиз давлат улуши савдога чиқарилди. Клубнинг янги эгаси академия ва клуб фаолиятини давом эттириши керак бўлади.
“Пахтакор футбол клуби” масъулияти чекланган жамиятининг 100 фоиз давлат улуши савдога чиқарилди. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги хабар берди.
Клубни сотиб олувчи харидор кейинчалик қуйидаги талабларга риоя қилиши керак бўлади:
- футбол клубининг фаолиятини сақлаб қолиш, ривожлантириш ва халқаро даражага олиб чиқиш;
- футбол клуби балансидаги барча спорт объектларидан, шу жумладан, футбол майдонидан фақатгина спорт фаолияти йўналишларида фойдаланиш;
- “Пахтакор” футбол клуби академияси фаолиятини сақлаб қолиш ва ривожлантириш.
Талабгорларнинг аризалари 2024 йил 15 феврал куни соат 18:00 га қадар қабул қилинади.
Тошкентнинг қоқ марказидаги 24 гектарлик ҳудуд
Клубнинг энг қиммат активи – Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани И.Каримов кўчасида жойлашган 24,1 гектарлик стадион.
Клубни хусусийлаштириш ҳақида Давлат активларини хусусийлаштириш ва хусусийлаштириш жараёнларини мувофиқлаштириш давлат комиссияси томонидан 2023 йил 27 декабрда тегишли баён қабул қилинган.
Узоққа бормаган хусусийлаштириш
2017 йил август ойида “SFI Management Group” инвестиция мажбуриятларини бажариш шарти билан “Пахтакор” ФК МЧЖ устав фондидаги 80 фоиз улушни сотиб олган эди. Клубнинг 20 фоиз акцияси Тошкент шаҳар ҳокимлигида қолганди. Ўшанда SFI гуруҳи “Пахтакор”га 5 йил давомида камида 200 миллиард сўм сармоя киритиб, тарихий стадион ўрнида янги стадион қуриши эълон қилинганди. 2019 йилда “Пахтакор” стадиони бузиш ва ўрнида янги стадион қуриш учун ёпилди.
Бироқ 2021 йил феврал ойида SFI гуруҳи “Ўзметкомбинат”, ОКМК ва “Ўзиккиламчиранглиметалл” компанияларидаги ишончли бошқарувини тўхтатгач, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, компания қўлидаги “Пахтакор” клуби ҳам тўлиқ Тошкент шаҳар ҳокимлигига қайтди.
“Пахтакор” ва “Бунёдкор” футбол клубларининг устав капиталидаги давлат улушлари Тошкент шаҳар ҳокимлигига, яна 11та клубнинг улуши давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектларга ўтказилиши Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 30 апрелдаги қарорида назарда тутилганди.
SFI гуруҳи, миллиардер Алишер Усмонов Forbes нашрига берган интервюсида айтиши бўйича, миллиардер Фаттоҳ Шодиевнинг акаси Қобил Шодиевнинг оиласига тегишли.
“Бизнинг “Металлоинвест” компаниямиз унинг компанияси билан ишлайди. Яқинда SFI “Пахтакор” ФКнинг 80 фоизини сотиб олди. Биз бу жамоага ишқибозлик қиламиз. Президент ҳам бу клубнинг мухлиси”, деганди у нашрга берган интервюсида.
“Пахтакор” футбол клуби ҳақида
“Пахтакор” футбол клуби 1956 йил Тошкент шаҳрида ташкил этилган. Ўзбекистоннинг энг совриндор жамоаси. 15 бор Ўзбекистон чемпионати ва 13 марта Ўзбекистон кубогида ғалаба қозонган.
Клубга қарашли “Пахтакор” стадиони 1956 йилда қурилган, бугунги кунгача икки марта – 1996 ва 2008 йилларда реконструкция қилинган. Аввалига стадион сиғими 55 минг томошабинга мўлжалланган, 2008 йилги реконструкциядан сўнг алоҳида ўриндиқлар ўрнатилгач, стадион сиғими 34 мингга қисқарган.
Мавзуга оид
15:28
Светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланган Malibu пиёдани уриб юборишига оз қолди
21:43 / 21.11.2024
Тошкентда подъездда қолдирилган велосипед ва коляскалар ППХ томонидан олиб кетилмоқда
19:18 / 21.11.2024
Тошкентнинг иккита кўчасида ҳаракат 19 кунга чекланади
18:13 / 21.11.2024