Ҳукумат “Пахтакор”ни нега хусусийлаштирмоқчи?
“Пахтакор” футбол клуби ва унга тегишли стадион сотувга қўйилгач, бир кун ўтиб жараён тўхтатилди. Жамоатчилик танқидлари фонида қабул қилинган қарор вақтинча экани айтилмоқда. Kun.uz мухбири жараён тўхтатилиши маълум бўлмасидан олдин Давлат активларини бошқариш агентлиги директори ўринбосари Алишер Миралиев билан шу мавзуда суҳбатлашган эди. Қуйида ушбу интервю тақдим этилмоқда.
— “Пахтакор”ни сотиш, ва умуман бошқа кўплаб хусусийлаштириш жараёнлари нима сабабдан очиқ аукцион эмас, энг яхши таклифларни танлаб олиш йўли билан ўтказилмоқда?
— “Пахтакор” клуби ҳозирги кунда 100 фоиз Тошкент шаҳар ҳокимлиги таъсисчилигидаги муниципиал мулк ҳисобланади, яъни 100 фоиз давлат тасарруфида. Осиё футбол конфедерациясининг футбол клубларига қўйган талаблари бор. Улардан бири – битта давлат ташкилоти бирдан ортиқ футбол клубига таъсисчи бўлиши мумкин эмас. Чунки бу рақобат муҳитига таъсир қилади, келишилган ўйинлар бўлишига олиб келиши мумкин, деган тавсия ва талаблари бор. Бизда эса қарийб ҳамма футбол клубларимиз ё давлат, ё давлат иштирокидаги корхоналар тасарруфида. Яъни ҳамма футбол клубларининг таъсисчиси давлат бўлиб қоляпти.
Шунинг учун бу соҳада рақобат муҳитини шакллантириш, босқичма-босқич хусусий секторни жалб қилиш мақсадида тегишли хусусийлаштириш дастурларига асосан барча футбол клубларини босқичма-босқич хусусий секторга бериш режалаштирилган. Жаҳон тажрибасига қарайдиган бўлсак, энг илғор футбол клублари ҳам хусусий ҳисобланади. Уларнинг стадионлари ҳам ўз балансларида туради. Англияни оладиган бўлсак, ҳамма билган “Манчестер Юнайтед”, “Арсенал” ёки Германиядаги “Бавария”, Италиядаги “Милан” клубларининг ҳаммасида стадионлар шу клубларнинг эгалигида. Футбол клубларининг ривожланишида уларнинг моддий-техник базаси мустаҳкам бўлиши учун бу муҳим аҳамиятга эга.
“Пахтакор” клуби йирик актив бўлгани учун, унинг соҳаси ўзига хос бўлгани учун очиқ аукцион эмас, алоҳида шартлар ва мезонлар белгиланган ҳолда энг яхши таклифни танлаб олиш услуби танланган. Харидорга кейинчалик ушбу клубнинг фаолиятини ривожлантириш, халқаро даражага кўтариш, унинг балансидаги стадион ва бошқа спорт иншоотларининг ҳаммасини фақатгина спорт мусобақалари ва спорт билан боғлиқ бўлган мақсадлар учун фойдаланиш талаби қўйиляпти. Шу билан бирга, клуб қошидаги футбол академияси фаолиятини сақлаб қолиб, уни ҳам ривожлантириш талаби ҳам бор.
Эртага харидор томонидан бу талаблар албатта бажарилиши керак. Бажармаслик шартноманинг бекор бўлишига сабаб бўлади.
Харидорни танлаб олишда шу соҳани ривожлантириш бўйича потенциали баҳоланади. Танлов иштирокчиларининг ҳақиқатан ҳам эртага ушбу футбол клубини ривожлантириш салоҳиятига эга бўладими-йўқми, кўриб чиқилади. У белгиланган мезонларга амал қилиш керак. Жамоатчилик хавфсираётган оқибатларга олиб келмаслиги керак.
Хусусийлаштиришнинг бу тартиби бутун дунёда йирик активларни хусусийлаштиришда қўлланилади. “Профилли инвестор” дейилади, йирик давлат активлари хусусийлаштирилганидан кейин янада ривожланиши учун салоҳиятли ва профилли, яъни шу соҳадаги инвестор бўлиши керак.
— Хусусийлаштириш жараёнида давлат комиссияси ўзи учун белгилаб олган минимум нарх қиймати борми? Активнинг бозор қиймати ўзи қанчага баҳоланган?
— Энди бу – жараён. Таклифларни кўриб чиқиш даврида, бу танловнинг бир нечта босқичлари бор, бу босқичларда келаётган таклифларни инобатга олиб... Албатта, ҳозирги бозор қийматидан келиб чиқиб иштирокчиларнинг таклифлари кўриб чиқилади.
— Минимум нархни очиқлай оласизми?
— Йўқ, танлов жараёнининг ўзининг талаблари бор. Ҳар битта жараёнда таклифлар келиб тушишига қараб туриб, ҳар битта босқичда эълон қилиб борилади. Албатта, бозор қийматига қиёсий олинади. Иштирокчининг нафақат тижорий таклифи, юқорида танловнинг асосий шартларини айтиб ўтдим, ана ўша шартларга амал қилиши нуқтайи назаридан ҳам баҳоланади.
— Инвесторга “Пахтакор” стадионидан фақат спорт йўналишида фойдаланиш талаби қўйиляпти. Олди-сотди шартномаси имзолангач, инвестор “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонун ва тегишли ҳукумат қарори асосида стадион майдонини ҳам хусусийлаштириб олган тақдирда, юқоридаги талабнинг ижросини таъминлаш бўйича қандай ҳуқуқий асос бўлади?
— Шартнома шартлари ҳуқуқий асос бўлади. Шартнома шартларида бу кўзда тутилади.
— “Пахтакор”ни хусусийлаштириш 2017 йилдаги сотувдан кейин узоққа бормади. SFI гуруҳи клубнинг 80 фоиз акциялари эгасига айланган эди. Инвестор 5 йил давомида клубга 200 млрд сўм инвестиция киритиши ва янги стадион қуриши керак эди. 2019 йилда “Пахтакор” стадиони ёпилиб, янги стадион қурилиши эълон қилинди. Лекин 2021 йилга келиб клуб яна тўлиқ Тошкент шаҳар ҳокимлиги балансига ўтди. Бу – инвестор ўз мажбуриятларини бажармагани билан боғлиқми?
— Шартноманинг ўзига яраша талаблари бўлган. Шартнома шартлари инвестор томонидан белгиланган муддатларда бажарилмагани сабабли хусусийлаштириш жараёнлари амалга оширилмаган. Тегишли улуш ҳокимиятнинг балансига қайтарилган.
Мавзуга оид
22:20 / 25.11.2024
Тошкентда Аския бозори ҳудуди ва бинолари 16,8 млн доллар бошланғич нарх билан сотувга қўйилди
16:31 / 25.11.2024
Хиёбонларни хусусийлаштиришни тақиқлаш тўғрисидаги қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасига киритилди
18:13 / 21.11.2024
Шацких «Пахтакор»даги вазифасига қайтгач, Тожиев, Черан, Собирхўжаев қайдномага ҳам киритилмади
15:44 / 21.11.2024