Жаҳон | 15:09 / 18.01.2024
2156
4 дақиқада ўқилади

Россия МСК президент сайлови учун бепул эфирдан фойдаланишни чеклайди

Аввалги сайловларда камида 2 фоиз овоз олган номзодларгина Россия Федерациясида президентлик сайловларида сайловолди ташвиқотини олиб бориш учун бепул эфир вақтига эга бўлади, дейилади Марказий сайлов комиссияси хабарида.

Фото: РИА Новости/Константин Михальчевский

2024 йил март ойида бўлиб ўтадиган Россия президенти сайловларида янги қоида амалда биринчи марта қўлланилиши мумкин, унга кўра охирги сайловларда 2 фоиздан кам овоз олган номзодлар бепул эфир вақтидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлмайди. Бу ҳақда 17 январ, чоршанба куни «Коммерсант» газетаси ёзмоқда.

Таъкидланишича, бундай чеклов Россия Федерациясида 2009 йилдан бери мавжуд. Жорий йилги президентлик сайловларида Россия Федерацияси президенти лавозимига 11 номзоддан 3 нафарига у амал қилиши мумкин: «Россия умумхалқ иттифоқи» партияси етакчиси Сергей Бабурин, «Россия коммунистлари» раиси Сергей Малинкович ва «Фуқаролик ташаббуси»дан Россия Федерацияси президентлигига номзод Борис Надеждин.

Телеэфир - фақат пул эвазига

Россия Федерацияси Марказий сайлов комиссияси котиби Наталя Бударинанинг сўзларига кўра, аввалги сайловларда 2 фоиздан кам овоз олган номзодлар ва партиялар эфир вақтидан фақат пул эвазига ўз улушини олади. Бу пулли ташвиқотни жойлаштириш учун оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган шартлар остида содир бўлиши керак, дея аниқлик киритди Марказий сайлов комиссияси. «Биринчи канал» 20 сонияли видеонинг нархини 257 мингдан 1,2 миллион рублгача (эфир вақтига қараб) баҳолади», — дейилади «Коммерсант» мақоласида.

Рўйхатга олинган номзодларнинг бепул эфир вақти учун қуръада иштирок этишга аризалари 11 февралгача топширилиши мумкин. Бироқ бу қуръа санаси ҳозирча маълум қилинмаган. «Россия Федерациясида сайловолди ташвиқоти фақат 17 февралдан бошланади (аслида ҳатто 19 февралдан ҳам, чунки бошланиши бепул эфир вақти берилмаган дам олиш кунларига тўғри келади) ва 15 март соат 0:00 гача давом этади», — дейилади хабарда. 

Россия Федерацияси президентлигига номзодлар бешта телеканал – «Биринчи канал», «Россия 1», «Россия 24», «ТВ Центр» ва ОТР ҳамда учта радиостанция: «Маяк», «Вести ФМ» ва «Радио Россия»даги вақтдан бепул фойдаланиши мумкин бўлади. Бундан ташқари, 13 та нашр уларни босма ахборот майдони билан таъминлайди.

Ким Россия президентлигига номзод сифатида рўйхатга олинди?

Бугунги кунга қадар Россия Федерацияси Марказий сайлов комиссияси президент лавозимига уч номзодни рўйхатга олди: Леонид Слуцкий (ЛДПР), Николай Харитонов (КПРФ) ва Владислав Даванков («Янги одамлар»). Уларнинг барчаси парламентдаги партиялар вакили бўлгани учун рўйхатдан ўтиш учун имзо тўплаши шарт эмас. Парламентга кирмаган партиялардан номзод бўлишни хоҳловчилар 31 январга қадар ўзини қўллаб-қувватлаш учун камида 100 минг имзо тўплаши керак. 

Айни пайтда, бу сафар амалдаги давлат раҳбари Владимир Путинни ҳам ўз ичига олган мустақил номзодлар МСКга камида 300 минг имзо тақдим этиши керак. Путин сайловолди штабининг ҳамраиси Владимир Машковнинг 17 январ куни хабар беришича, ҳозирги президентни қўллаб-қувватлаш учун аллақачон 2,5 миллиондан ортиқ дастхат йиғилган.

Марказий сайлов комиссияси журналист ва Ржев шаҳар думаси собиқ депутати Екатерина Дунцовага Россия Федерацияси президентлигига ўз номзодини кўрсатиш учун имзо тўплашга рухсат бермади. Сайлов комиссияси унинг ҳужжатлари «шошилинч, ҳуқуқий нормаларга риоя қилмасдан тайёрланган» деб ҳисоблади.

Мавзуга оид