Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Европада кучли қор ёғиши йўлларда муаммоларга олиб келди
Германия ва Европанинг бир қатор бошқа мамлакатларида кучли қор ёғиши ва музлама километрларга чўзилган тирбандликлар, поездлар ва юзлаб рейсларнинг бекор қилинишига олиб келди.
17 ва 18 январ кунлари Германиянинг ғарбий ҳудудларида «Гертруде» циклони сабаб бўлган кучли қор ва музламалар тезюрар йўлларда муаммоларни келтириб чиқарди. Шу тариқа, 18 январ, пайшанба куни Рейнланд-Пфалцнинг Кобленц туманидаги А61 автобанида 50 километр узунликдаги тирбандлик юзага келди, деб хабар берди маҳаллий полиция. Унинг сўзларига кўра, пайшанбага ўтар кечаси йўлларда «тўлиқ тартибсизлик» ҳукм сурган ва кун давомида минтақада камида 80 та ЙТҲ содир бўлган. Пайшанба куни тушдан кейин тирбандлик аста-секин бартараф этилди.
17 январ куни кечқурун худди шу федерал ерда ҳамда Бад-Хоннеф ва Нойштадт шаҳарлари ўртасидаги А3 автобанида кўп сонли юк машиналарининг тўхтаб қолгани ёки йўлни тўсиб қўйгани сабабли узунлиги 20 километрдан ортиқ тирбандлик юзага келган. Шимолий Рейн-Вестфалиядаги Дюрен ва Белгия чегараси ўртасидаги А4 автобанида икки йўналишда узунлиги 20 километрдан ортиқ бўлган яна бир тирбандлик юзага келди.
Гессенда пайшанбага ўтар кечаси Бад-Херсфелд шаҳри яқинида, А7 автобанида, шунингдек, муз устида кўп километрлик кўтарилишдан ўта олмаган юк машиналари туфайли 30 километрлик тирбандлик юзага келди. Фулда полицияси маълум қилишича, ёнғин хавфсизлиги хизмати (Германияда у фавқулодда вазиятлар вазирлиги вазифасини бажаради) ва Қизил Хочнинг «асосан пиёда юрган» ходимлари тун бўйи йўлда қолган ҳайдовчиларга ёрдам берган.
Рейнланд-Пфалц полицияси маълумотларига кўра, техник хизматлар иши ва об-ҳавонинг «сезиларли» яхшиланиши туфайли пайшанба куни тушдан кейин транспорт ҳаракати асосан тикланган.
Франкфуртда 300 дан ортиқ рейс бекор қилинди
Чоршанба ва пайшанба кунлари Германиянинг бир қатор аэропортларида вазият издан чиқди. Германиянинг Франкфурт-Майндаги энг йирик аэропорти чоршанба куни барча фаолиятини тўхтатиб, пайшанба куни иш бошлади. Бироқ пайшанба кунига белгиланган мингга яқин рейсдан 300 дан ортиғи ноқулай об-ҳаво шароити туфайли бекор қилинди. Пайшанба куни Мюнхен аэропорти нормал ишлади, аммо ғарбдаги Саарбрюкен шаҳридаги аэропорт бутунлай ёпилди.
Ноқулай об-ҳаво туфайли Штутгарт ва Париж ўртасида тезюрар поезд қатнови тўхтатилди.
Францияда тирбандлик, Люксембургда жамоат транспорти иши тўхтади
Франция шимолида чоршанбадан пайшанбага ўтар кечаси ёғган қор юзлаб километрлик тирбандликларнинг пайдо бўлишига, йўл ҳаракати муаммоларига ва кўплаб турдаги жамоат транспорти ҳаракати тўхтатилишига олиб келди, деб хабар берди EFE. Париж атрофидаги минтақада қор ёғиши пайшанба куни эрталаб автобус йўналишлари тўхтатилишига олиб келди. Франция шимолидаги кўплаб департаментларда юк машиналари ҳаракати ҳам чекланди.
Норвегияда Осло аэропорти пайшанба куни ўз фаолиятини қайта тиклашга муваффақ бўлди, бироқ у ерда ҳам ҳаво қатновида қийинчиликлар юзага келди. Қор шунчалик кўпки, учувчилар ердаги чироқларни кўра олмаяпти, шунинг учун барча рейслар вақтинча қолдирилди, деди Норвегия миллий аэропорти оператори Avinor вакили. Бундан ташқари, Норвегия шарқидаги айрим ҳудудларда поездлар қатнови тўхтатилган.
Бельгия ва Люксембургда ноқулай об-ҳаво туфайли сариқ огоҳлантириш даражаси кучда қолмоқда. Люксембургда кучли қор ёғиши жамоат транспорти ишини тўхтатиб қўйди: пойтахтда трамвай ва автобуслар, шунингдек, айрим поездлар ҳаракати бекор қилинди.
Мавзуга оид
08:17 / 18.06.2026
Европада сўнгги ўн йилликлардаги энг йирик инфратузилма лойиҳаларидан бири бошланди
09:15 / 15.06.2026
Европа етакчилари АҚШ–Эрон келишувини олқишлади
08:18 / 15.06.2026
Европа аҳолиси қайси мамлакатларда ўзини хавфсиз ҳис қилади?
10:15 / 13.06.2026