Жаҳон | 12:29 / 19.01.2024
2988
3 дақиқада ўқилади

Европарламент Венгрияга пул ажратилгани бўйича ЕКга қарши даъво қўзғатади

Европарламент депутатлари Европа комиссиясининг Венгриядаги қонун устуворлиги ҳақидаги хавотирларга қарамай, музлатилган пулларнинг бир қисмини бериш қароридан афсусда эканини билдирди.

Фото: AP

Европарламент Венгрияга аввал тўсиб қўйилган маблағлар ажратилиши бўйича низо юзасидан Еврокомиссияга қарши Европа Иттифоқи Адлия судига даъво аризаси беришга тайёрланмоқда. 18 январ, пайшанба куни қабул қилинган қарорда Суд-ҳуқуқ қўмитаси бу йўналишда «имкон қадар тезроқ зарур чораларни кўриши» кераклиги айтилади.

Венгриядаги судлар мустақиллигидан хавотирлар сақланиб қолмоқда

Бир неча сиёсий гуруҳлардан бўлган Европарламент депутатлари декабр ойида Еврокомиссиянинг Виктор Орбан ҳукумати учун ЕИнинг 10,2 миллиард евро маблағини блокдан чиқариш ҳақидаги қароридан «жиддий хавотир» билдирди. Уларнинг фикрига кўра, бу тўғри асосланмаган ва Венгрия «сўнгги ислоҳотлардан кейин ҳам» суд мустақиллиги стандартларига жавоб бермайди.

Венгриядаги суд қарорлари «фармон билан бир кечада ўзгартирилиши» мумкин экан, Европа Иттифоқи давлатида қонун устуворлиги борасида жиддий хавотирлар сақланиб қолади, деди Германия Христиан-социал иттифоқи (ХСИ) депутати Моника Хоҳлмейер. Унинг сўзларига кўра, Еврокомиссиянинг бу қарорига қарши чора сифатида парламентда ягона имконият бор – Европа Иттифоқи судига мурожаат қилиш. Кейинчалик хабар қилинишича, консерваторлар, социал-демократлар, либераллар, «яшиллар» ва сўлларнинг мутлақ кўпчилиги Европа комиссиясига даъво тайёрлашни ёқлаб овоз берди.

ЕК Венгрия учун музлатилган маблағларнинг бир қисмини блокдан чиқарди

2023 йил декабрида бўлиб ўтган ЕИ саммити арафасида Еврокомиссия Венгрия суд тизимининг мустақиллигига шубҳа туфайли музлатиб қўйилган маблағларнинг бир қисмидан фойдаланишга рухсат беришга қарор қилди. Брюссел билдиришича, Будапешт Европа Иттифоқининг асосий ҳуқуқлар хартияси суд ҳокимияти мустақиллигига оид шартларига амал қилган. «Бу бирлашиш сиёсатини молиялаштиришнинг бир қисми энди блокланмаслигини англатади ва шунинг учун Венгрия тахминан 10,2 миллиард еврогача товон пулини талаб қила бошлайди», дейилади ҳужжатда.

Шу билан бирга, Еврокомиссия Венгрия қонун устуворлиги тамойиллари бузилишини бартараф этмаганини қайд этди. Гап давлат харидлари, прокуратура ҳаракатлари, манфаатлар тўқнашуви, коррупцияга қарши кураш ва жамоат манфаатларини ифодаловчи чора-тадбирлар ҳақида бормоқда. Шу муносабат билан бюджети 6,3 миллиард евро бўлган учта сиёсат дастури тўхтатилган ҳолда қолди. Умуман олганда, ЕК маълумотларига кўра, Венгрия учун тахминан 21 миллиард евро блокланган.

Шунга қарамай, Венгрия саммитда Украинага кейинги макромолиявий ёрдамга вето қўйди. Саммитнинг иккинчи муҳим қарори - Украина ва Молдова учун Европа Иттифоқига кириш бўйича музокараларни бошлаш - Виктор Орбан мажлислар залида бўлмаганида қабул қилинди. Унинг фикрича, бу «олдиндан айтиб бўлмайдиган оқибатларга олиб келади ва на Венгрия, на Европа Иттифоқи манфаатларига жавоб бермайди».

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид