14:13 / 21.01.2024
7355

Тошкент ва Навоий вилоятида “валютчик”лар ушланди

Учта ҳолатда 16,5 минг доллар алмаштираётган шахслар ушланган ва уларга жиноят иши қўзғатилган

Тошкент шаҳри ва Навоий вилоятида валюта айирбошлаш билан шуғулланиб келган шахслар ушланган. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент хабар бермоқда.

Жумладан, департаментнинг Миробод туман бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда валюта айирбошлаш билан шуғулланиб келган И.Б., Н.Т. ва Э.М. фуқаро А.А.га 5 000 долларни 62,1 млн сўмга сотган вақтида ушланиб, уларнинг ёнидан 17,7 млн сўм, 5 000 россия рубли ва 25 доллар ашёвий далил сифатида олинган.

Департаментнинг Навоий вилоят бошқармаси ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида Қизилтепа туманида ўтказилган тезкор тадбирда валюта айирбошлаш билан шуғулланиб келган Б.Х. 6 000 долларни фуқаро Н.Ф.га 74,7 млн сўмга сотган вақтида ушланиб, унинг ёнидан 3 300 доллар ашёвий далил сифатида олинган.

Навоий шаҳрида валюта айирбошлаш билан шуғулланиб келган Ф.Қ. фуқаро Ш.Ҳ.га 5 500 долларни 68,4 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 177-моддаси (валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Top