Ўзбекистон | 14:21 / 22.01.2024
6885
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд МДҲнинг маданий пойтахти деб эълон қилинди

Давлатлараро "Мир 24" телеканалида "Самарқанд МДҲнинг маданий пойтахти деб эълон қилинди: шаҳар сайёҳларни қандай жалб қилмоқда?" сарлавҳали кўрсатув намойиш этилди, деб хабар бермоқда "Дунё".

Фото: Kun.uz

"Мир 24"нинг хабар беришича, жорий йил Самарқанд МДҲнинг маданий пойтахти деб эълон қилинди. "Ўзбекистон шаҳрига фахрий мақом Санкт-Петербургдан ўтди. Гарчи шаҳарга ҳар йили миллиондан ортиқ сайёҳлар келса-да, бу Самарқандга янада кўпроқ сайёҳларни жалб қилади", - дейди "Мир 24" мухбири.

Таъкидланишича, қадимий шаҳар деярли 2800 ёшда бўлиб, у Рим ва Афина билан тенгдошдир. Самарқанд Буюк ипак йўлининг марказида жойлашган бўлиб, VII асрда Марказий Осиёнинг муҳим савдо ва сиёсий марказига айланган. Бу ерда тарих ва маданият кесишади.

Қайд этилишича, Самарқанд Ўзбекистоннинг сайёҳлик маркази ҳисобланади. Туристлар бу ерга дунёнинг турли бурчакларидан ташриф буюришади. "Регистон майдони XV-XVII асрларда қурилган мадрасалар билан ўралган. Самарқандда яшаб ижод қилган буюк олим Мирзо Улуғбекнинг юлдуз туркумлари китоби кўринишидаги аэропортга эса тил ожиз. Одамлар бу ерга шарқона экзотика ва гастрономик лаззат учун келишади. Сиёб бозори Ўзбекистондаги энг қадимий бозорлардан биридир", - дея хабар беради давлатлараро телеканал.

Хулоса ўрнида айтилишича, Самарқанд МДҲнинг маданий пойтахти деб эълон қилиниши азим шаҳарга нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиёнинг сайёҳлик дарвозасига айланиш имконини беради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид