Жаҳон | 15:34 / 25.01.2024
8312
2 дақиқада ўқилади

Киев: Россияда 8000 дан ортиқ украиналиклар асирликда

Россия ҳужуми даврида 49 та асир алмашуви амалга оширилган, деди ҳарбий асирлар билан ишлаш бўйича мувофиқлаштирувчи штаб вакили. Ўн минглаб украиналиклар бедарак йўқолганлар рўйхатида.

Фото: Reuters

Россия Федерациясида камида 8 минг украиналик, шу жумладан тинч аҳоли ҳамон асирликда, деди ҳарбий асирлар билан ишлаш бўйича мувофиқлаштирувчи штаб вакили Юрий Таранюк 24 январ, чоршанба куни Украина ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги инсон ҳуқуқлари, гендер тенглиги ва хилма-хиллик бўйича кенгаш йиғилишида. Таранюкнинг сўзларига кўра, Россия ҳужуми даврида Москва билан 49 та асирлар алмашинуви келишилган ва амалга оширилган.

Ўн минглаб одамлар бедарак йўқолган

«Мувофиқлаштирувчи штабнинг мақсади - Россия асирлигидаги ҳар бир шахсни Украинага қайтариш. Бу тинч аҳолига ҳам, ҳарбий асирларга ҳам тааллуқлидир. Ҳозиргача 49 та алмашинув ўтказилди ва 2828 киши уйига қайтарилди, шундан 2681 нафари - ҳарбий. 147 нафар тинч аҳоли ҳам қайтарилди. 8000 дан ортиқ одам асирликдадир. Шулардан 1600 дан ортиғи - тинч аҳоли», - деди Юрий Таранюк. 

Унинг қўшимча қилишича, мувофиқлаштириш штаби жангларда бедарак йўқолган ўн минглаб бошқа украиналикларни қидиришда давом этмоқда. Шу билан бирга, Таранюк бедарак йўқолганларнинг аксарияти Россия асирлигида эканлигига ишонч билдирди. 

Украина ва Россия ўртасида сўнгги асирлар алмашинуви жорий йилнинг бошида бўлиб ўтган. 3 январ куни 230 нафар украиналик ватанига қайтди. Бунгача асирлар алмашинуви фақат 2023 йилнинг августида амалга оширилган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид