Спорт | 09:44 / 26.01.2024
52621
8 дақиқада ўқилади

Осиё Кубоги гуруҳ босқичи якунлари. Қандай сюрпризлар бор?

Марказий Осиёнинг икки вакили плей-оффга чиқди, Қирғизистон Уммоннинг оёғидан тортиб қолди.

Фото: Getty Images

25 январ куни Осиё Кубогида гуруҳ босқичи якунланди. Бир неча кундан кейин 1/8 финал ўйинлари старт олади, ҳозир эса турнирнинг биринчи қисми якунларини сарҳисоб қилишнинг айни вақти. Айрим натижаларнинг ўйини ҳайратлантирган бўлса-да, Африка Кубогидан фарқли ўлароқ, Осиёда барча фаворитлар кейинги босқичга йўл олишган.

А гуруҳи

Тожикистон миллий жамоасининг Осиё Кубогидаги дебютини омадли чиқди дейиш мумкин. Жамоа қийин старт олди — дастлабки икки турда бирорта гол уролмади. Қолаверса, тожикистонлик футболчилар беш бўлим давомида рақиблар дарвозасига йўл топа билмади. Аммо Ливан билан ўйин охирида тарих яратилди. Сўнгги дақиқалардаги голлар эвазига ҳисоб 0:1 дан 2:1 кўринишига ўзгарди. Осиё Кубогидаг илк голлар, илк ғалаба ва дебют турнирдаёқ плей-оффга чиқиш — бир ўйиннинг ўзида барчасига эришилди.

Қатар миллий жамоаси — Осиё Кубогининг амалдаги ғолиби саналади. Қолаверса, бу сафарги турнир мезбони. Ҳозирча жамоанинг ишлари жуда яхши кетмоқда. Қатар гуруҳ босқичидан лайт режимида ўтди — уч ўйинда уч ғалаба ва бирорта гол ўтказилмади. Жамоа бу сафар ҳам турнир фаворитларидан эканини исботламоқда. Хитой ва Ливан эса ўзини кўрсата олмади ва ҳақли равишда турнирни тарк этди. Хитойликлар бирорта гол урмасдан учинчи ўринни эгаллаган бўлса-да, учинчи ўринлардаги энг яхши жамоалар тўртлигига кира олмади.

В гуруҳи

Бу квартет сюрпризларсиз кечди. Австралияликлар турнир фаворитларидан бири эканини тасдиқлади ва биринчи ўрин билан плей-оффга чиқди. Ўзбекистон ҳам кутилган натижага эришди. Сречко Катанец шогирдлари бирор ўйинда мағлуб бўлмади ва фақат бир гол ўтказди, уни ҳам шубҳали пеналтидан. Асосий таркибнинг қатор етакчилари жароҳат олганига қарамай (Элдор Шомуродов, Игор Сергеев, Ҳусниддин Алиқулов, Ҳожиакбар Алижонов), жамоа Аббосбек Файзуллаев, Жалолиддин Машарипов ва Отабек Шукуров каби юлдузли футболчилари билан ҳам имкон қадар узоқроққа боришга ҳаракат қилади. Плей-оффдаги дастлабки рақиб Таиланд, агар бу босқичдан ўтилса, яримфинал йўлланмаси учун Қатар ва Фаластин жуфтлиги ғолибига қарши баҳс олиб борилади.

Ҳиндистон барча ўйинларда ютқазди ва бирорта гол ура олмади. Бундай кўрсаткич билан эса ҳеч нарсадан умид қилиб бўлмайди. Эктор Купер бошқарувидаг Сурия эса ўз тарихида илк бор Осиё Кубоги плей-оффига чиқди. Жамоа дастлабки турда Ўзбекистон билан голсиз дуранг қайд этганди, кейин эса Австралияга қарши минимал ҳисобда ютқазди, сўнгги турда Ҳиндистонни мағлуб этиб, учинчи ўрин билан 1/8 финал йўлланмасига эга бўлди.

С гуруҳи

Фаластин бунга қадар Осиё Кубогида икки бор иштирок этган ва икки сафар ҳам гуруҳ босқичидаёқ иштирокини якунлаганди. Бу сафарги иштирок нисбатан муваффақиятли бўлмоқда — жамоа ўз гуруҳида учинчи ўринни эгаллаган ҳолда 1/8 финалга чиқди. Ҳолбуки 1-турдан кейин фаластинликларни бу сафар ҳам яхши натижа кутмаётгандек кўринганди, жамоа ўшанда Эронга йирик ҳисобда мағлуб бўлганди (1:4), аммо кейинги ўйинларда тўрт очко жамғарди ва ўзи учун тарихий натижани қайд этди.

Қолган жамоалар билан эса барчаси мантиқий ҳолат. Эрон гуруҳда тенгсиз эканини кўрсатди — уч ўйинда уч ғалаба ва биринчи ўрин. БААнинг 1/8 финалга чиқиши ҳам ҳайрон қолдирмайди, амирликлар вакиллари олдинги икки турнирда яримфиналга қадар етиб борган. Ҳонгконг эса очиқчасига қолган рақиблардан кучсиз эканини намойиш этди ва энди турнирнинг қолган қисмини телевизорда томоша қилади.

D гуруҳи

Японлар кутилганидек плей-оффга чиқишди, аммо кутилмаганда иккинчи ўрин билан. Иккинчи турда Ироқдан учралган мағлубият нафақат гуруҳдаги, балки бутун турнирдаги вазиятни ўзгартириб юборди. Лекин кунчиқар юрт вакиллари қаторасига саккизинчи Осиё Кубогида плей-оффга чиқмоқда. Олти ҳолатда улар чоракфиналга етиб боришган, тўрт марта (1992, 2000, 2004 ва 2011 йилларда) олтин медалларни қўлга киритган. Ироқ эса 100 фоизлик натижа билан мақсадлари жиддий эканини кўрсатди.

Индонезия 1/8 финалга чиқиши учун Виетнам билан ўйинда пеналтидан урилган гол етарли бўлди. Жамоа 2007 йилдан буён илк бор Осиё Кубогига келди ва дарҳол плей-оффга чиқди. Бунгача Индонезия гуруҳ босқичидан ташқарида бирорта ўйин ўтказмаганди.

E гуруҳи

Юқорида айтилганидек, Япония иккинчи турда мағлубиятга учраб, иккинчи ўрин билан чиқиши Жанубий Корея жамоасининг режаларини ўзгартириб юборди. Турнирнинг асосий фаворитларидан бўлган бу жамоа ўз гуруҳидан биринчи ўрин билан чиққанида нимчоракфиналдаёқ японияликларга рақиб бўлишарди ва шу туфайли охирги турда жамоа иложи борича 2 ва 3-ўринлардан бирини эгаллаши ўзи учун фойдали бўларди. Натижада гуруҳ аутсайдери Малайзияга қарши ўйинда учта гол ўтказиб юборилди (3:3) ва бу голларнинг учинчиси ўйинга қўшиб берилган 15-дақиқада урилди. 

Ўз навбатида, 3-тур арафасида 1-ўринда турган Иордания ҳам Японияга рақиб бўлишдан қочди ва Баҳрайнга ютқазиб, учинчи ўрин билан кифояланди, баҳрайнликлар эса сўнгги турда мағлубиятга учраса гуруҳда қолиб кетиши мумкин эди. Бу икки жамоа олдинги турнирда ҳам гуруҳдан чиқишган ва ўз иштирокини нимчорак финалдаёқ якунлаган.

F гуруҳи

Қирғизистон ўз қўшнилари Тожикистон ва Ўзбекистоннинг натижаларини такрорлай олмади. Жамоа атиги бир гол урди ва учинчи турда Уммон дарвозасига урилган бу гол арабларни гуруҳда қолдирди (1:1) ва ўз навбатида D гуруҳида учинчи ўринни олган Индонезияни плей-оффга олиб чиқди. Қирғизистон олдинги турнир билан солиштирганда бир қадам ортга юрди, чунки жамоа ўшанда 1/8 финалга чиққанди.

Роберто Манчини бошқарувидаги Саудия Арабистони эса икки турдан кейиноқ плей-офф масаласини ҳал қилганди. Аммо Уммонга қарши кечган биринчи ўйин максимал даражада қийин кечганди. Ўйин фаворити узоқ вақтгача 0:1 ҳисобида ортда борган, фақат сўнгги дақиқаларда икки гол урганди, ғалаба голи қўшиб берилган олтинчи дақиқада киритилганди. Саудияликлар сўнгги турда иккинчи ўриндаги Таиланд билан ўйнади, кейинги босқичда Жанубий Корея кутиб турганини билган икки жамоа ҳам гол уришни истамади, саудияликлар пеналтидан фойдалана олмади, шунингдек икки жамоанинг бир неча голи оффсайд туфайли ҳисобга олинмади.

1/8 финал жуфтликлари

Австралия — Индонезия (28 январ)
Тожикистон — БАА (28 январ)
Ироқ — Иордания (29 январ)
Қатар — Фаластин (29 январ)
Ўзбекистон — Таиланд (30 январ)
Саудия Арабистони — Жанубий Корея (30 январ)
Баҳрайн — Япония (31 январ)
Эрон — Сурия (31 январ)

28 январ

  • 16:30. Австралия — Индонезия
  • 21:00. Тожикистон — БАА

29 январ

  • 16:30. Ироқ — Иордания
  • 21:00. Қатар — Фаластин

30 январ

  • 16:30. Ўзбекистон — Таиланд
  • 21:00. Саудия Арабистони — Жанубий Корея

31 январ

  • 16:30. Баҳрайн — Япония
  • 21:00. Эрон — Сурия

Ўзбекистон чоракфиналга чиқса, Қатар — Фаластин жуфтлиги ғолиби билан ўйнайди.

Мавзуга оид