Ўзбекистон | 19:41 / 01.02.2024
7126
1 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги фастфуд тармоғи электрдан ноқонуний фойдаланиб келгани аниқланди

Пойтахтнинг 5 та туманида Hotdogger номли кўчма савдо шохобчалари ноқонуний уланиш орқали 1,1 млрд сўмлик электрдан фойдалангани аниқланди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти

Тошкент шаҳридаги 7 та Hotdogger номли кўчма савдо шохобчаси электр тармоқларига ноқонуний улангани аниқланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Қайд этилишича, «L.S.G.» МЧЖ масъул шахслари ва бошқалар пойтахтнинг Миробод, Мирзо Улуғбек, Чилонзор, Яккасарой ва Яшнобод туманларида 7 та шохобчани умумий фойдаланишдаги электр тармоғига тижорат мақсадида улаган. Натижада жами 1,1 млрд сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид