15:15 / 02.02.2024
3522

Энди қасддан жиноят содир этиб судланганлар ўқитувчиликка қабул қилинмайди

Ўзбекистонда айрим шахсларга педагогик фаолият билан шуғулланишда чекловлар киритилди.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда педагогик фаолият билан шуғулланишда чекловлар ўрнатилмоқда. Бу ҳақда президент томонидан имзоланган «Педагогнинг мақоми тўғрисида»ги қонунда белгилаб қўйилди.

Қонуннинг 15-моддасида педагогик фаолият билан шуғулланишга оид чекловлар келтирилган.

Унга кўра, қуйидаги шахсларнинг педагогик фаолият билан шуғулланишига йўл қўйилмайди:

  • қонуний кучга кирган суд ҳукмига мувофиқ педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахслар;
  • қонунчиликда белгиланган тартибда суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар;
  • педагогик фаолиятни амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликлари бўлган шахслар;
  • психиатрия ёки наркология муассасаларида ҳисобда турган шахслар.

Шунингдек, қасддан содир этилган жиноят учун илгари судланган шахсларни педагогик фаолият билан боғлиқ лавозимларга қабул қилиш ман этилади.

Олдинроқ ушбу қонун билан педагоглар судга шикоят қилганда давлат божи тўламаслиги ҳамда ўқитувчиларни ободонлаштириш ва қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилиш тақиқланиши хабар қилинганди.

Top