Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
УХХ икки юқори лавозимли ҳарбийни “жиноят устида” ушлади
Украина Қуролли кучлари Ҳаво кучларининг логистика қўмондони ва УХХнинг Житомир вилояти бўйича бошқарма раҳбари мудофаа иншоотлари қурилишида давлат маблағларини талон-торож қилишда гумонланиб, УХХ ички хавфсизлик бўлими ходимлари томонидан қўлга олинди.
Украина Хавфсизлик хизмати (УХХ)нинг ички хавфсизлик бўлими ходимлари Украина Қуролли кучлари Ҳаво кучларининг логистика бўйича қўмондони ҳамда УХХнинг Житомир вилояти бўйича бошқарма раҳбарини қўлга олди. УХХнинг Telegram-каналида чоршанба, 25 феврал куни эълон қилинган хабарда айтилишича, тергов давомида “фигурантлар фортификация иншоотлари қурилиши пайтида давлат маблағларини ўзлаштириш схемасини ташкил этгани” аниқланган.
“Иш материалларига кўра, гап стратегик аҳамиятга эга объектларда, жумладан мудофаа кучларининг оператив аэродромларида қўшимча ҳимояни ташкил қилиш ҳақида бормоқда”, — дейилади хабарда.
УХХ раҳбари вазифасини бажарувчи Евгений Хмара эса: “Биз хизмат ва мудофаа кучларининг бошқа таркибий қисмларини ўзини ўзи тозалаш йўналишини давом эттиряпмиз. Бу ишнинг ўта муҳим йўналиши, чунки уруш пайтидаги коррупцияни хиёнатга тенглаштириш мумкин”, — деди.
Хабарда қайд этилишича, 2025 йил май ойида фортификация иншоотларини қуриш учун 1,4 млрд гривна (ўша давр курс бўйича тахминан 30 млн евро) ажратилган. Бироқ текширувлар кўрсатишича, лойиҳалар хавфсизлик талабларига жавоб бермаган, самолётлар учун етарли ҳимояни таъминламаган ва ишлар қиймати сунъий равишда ошириб кўрсатилган.
“Текширувларни тўхтатиш ва маблағлар сарфини яшириш учун, тергов версиясига кўра, мансабдорлар тахминан 13 млн гривна миқдорида ноқонуний ҳақ (пора) беришни ташкил қилган. УХХ ички хавфсизлик ходимлари иккала фигурантни ҳам 320 минг АҚШ долларини топшириш жараёнида ‘жиноят устида’ ушлади”, — деб хабар қилди Украина Хавфсизлик хизмати.
“РБК-Украина” агентлиги ўз манбаларига таяниб билдиришича, УХХ ички бўлими операцияси чоғида икки полковник қўлга олинган: Ҳаво кучлари логистика қўмондони Андрей Украинец ва УХХнинг Житомир вилоятидаги раҳбари Владимир Компаниченко. Уларга Украина Жиноят кодексининг икки моддаси бўйича гумон эълон қилиш тайёрланмоқда.
Мавзуга оид
22:03 / 26.06.2026
Боксчи Усик учта чемпионлик камаридан воз кечди
20:44 / 26.06.2026
«Қамалда яшаяпмиз». Қримдаги вазият оғирлашмоқда
11:00 / 26.06.2026
АҚШ Украина бўйича Аляскада келишув бўлганини рад этди
23:05 / 25.06.2026