Ўзбекистон | 10:22 / 06.02.2024
17822
2 дақиқада ўқилади

Оҳангарон шаҳри ҳокими лавозимдан озод этилди

У хайрлашув пости ёзиб, аҳолига миннатдорчилик билдирган ва кимнидир хафа қилган бўлса, улардан узр сўраган.

Фото: Оҳангарон шаҳри ҳокимлиги

Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаевнинг Оҳангарон шаҳри ҳокими Акром Эшонқуловни лавозимдан озод этиш ҳақидаги қарори қабул қилинди. Қарорга кўра, туман ҳокими ўз аризасига биноан ишдан олинган.

Унинг хайрлашув сўзлари шаҳар ҳокимлиги томонидан тақдим этилди. Ҳоким мазкур фаолиятидаги ҳар бир дақиқаси унинг ҳаётида ўчмас из қолдирганини таъкидлаб, бундай имконият учун президентдан миннатдор эканини билдирган.

«Оҳангарон шаҳри менинг она шаҳримдек юрагимдан жой олди. Шаҳар равнақи йўлида нимага эришган бўлсам, барчасида Сизларнинг меҳнатингиз беқиёс. Иш жараёнларида биронтангизни ранжитган бўлсам, барчаларингиздан узр сўрайман. Хайр Оҳангарон шаҳрим. Хайр жонажон шаҳрим», дея якунланган пост.

Унинг ишдан кетиш сабаби маълум қилинмаган.

Акром Эшонқулов 1976 йилда Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманида туғилган.

Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт академияси ва Тошкент давлат иқтисодиёт университети (магистратура) битирувчиси. Мутахассислиги — иқтисодчи.

Оҳангаронга ҳоким этиб тайинлангунига қадар Вазирлар Маҳкамасининг Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича, Республика бўйсунувчи шаҳарларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бошқармаси бош мутахассиси вазифасини бажарувчи лавозимида ишлаб келган.

Ўтган йиллар давомида Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот-таҳлилий гуруҳи раҳбари, Оҳангарон шаҳри ҳокимининг биринчи ўринбосари, Оҳангарон шаҳри ҳокими вазифасини бажарувчи лавозимларида ишлаган.

2020 йилнинг 4 июн куни Одилжон Жўраев ўрнига Оҳангарон шаҳри ҳокими этиб тайинланганди.

  • Олдинроқ Тошкент вилоятининг Чиноз туманига янги ҳоким тайинланганди.

Мавзуга оид