Ўзбекистон | 10:40 / 12.02.2024
15923
2 дақиқада ўқилади

Президент қишлоқ хўжалиги соҳасидаги камчиликлар учун ҳокимларни танқид қилди

Давлат раҳбари аграр соҳадаги устувор вазифалар ва режаларга бағишланган йиғилишда таннархни камайтириш, юқори ҳосил берадиган уруғ ва кўчатларни етказиб бериш, саноат муҳитини олиб кириш бўйича айрим мутасаддилар ва ҳокимлар етарлича ишламаётганини танқид қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент раислигида аграр соҳадаги устувор вазифалар ва режаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтмоқда.

Маълум қилинишича, соҳада сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида деҳқон-фермерларнинг манфаати, даромади ошиб, маҳсулот кўпайди, кластер тизими ривожланиб, юқори унумли техника ва чуқур қайта ишлаш кириб келган, янги навлар ва агротехнология кўпайган. 

Ўтган йили соҳада ишлаб чиқариш 4,1 фоизга ўсиб, 426 трлн сўмни ташкил қилган. Экспорт эса қарийб 2 млрд долларга етган. 152 минг гектар боғ ва токзорлар барпо қилинган.

2023 йил илк бор 3 млн 700 минг тонна пахта, 8 млн тонна ғалла ҳосили олинган. 

Йиғилишда ер ва сув ресурслари чекланган шароитда қишлоқ хўжалиги масъуллари жорий йилда мутлақо янгича ишлаши зарурлиги қайд этилди.

Таннархни камайтириш, юқори ҳосил берадиган уруғ ва кўчатларни етказиб бериш, саноат муҳитини олиб кириш бўйича айрим мутасаддилар ва ҳокимлар етарлича ишламаётгани танқид қилинди.

Жорий йилда туманларга ҳосилдор уруғларни етказиб, деҳқонларни янги агротехнологияларга ўқитиб, пахта ва ғаллада ҳосилдорликни янада ошириш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди. Шунингдек, ўғит таннархни 15 фоизга камайтириб, қишлоқ хўжалигини 900 минг тонна минерал ўғит билан таъминлаш вазифаси қўйилди.

Мавзуга оид