Ўзбекистон | 18:05 / 15.02.2024
12897
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд яқинида М-39 автомобил йўлидаги хавф бартараф этилиб, қатнов тикланди

Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ ва ФВБ ходимлари саъй-ҳаракатлари билан хавф бартараф этилган.

2024 йил 14 феврал куни М-39 Тошкент-Термиз автомобил йўлининг Самарқанд вилояти ҳудудидан ўтган 1079-1080-километрлари оралиғида, Чўпонота тепалигида ёғингарчиликлар ва бир қатор омиллар таъсирида ёриқлар пайдо бўлган.

Оқибатда, йўлнинг ўнг томонида автомобиллар ҳаракати учун хавф туғилган. Вилоят ИИБ ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида йўлнинг бир томонини ёпиб, иккинчи томонида бир томонлама ҳаракатланишни ташкил этган. Шунингдек, юк машиналарига бошқа қўшимча йўллардан айланиб ўтиш тавсия берилган.

Вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизматининг хабар беришича, хавф бартараф этилган ва М-39 Тошкент-Термиз йўлида қатновлар тикланган. Ҳозирда йўлдан оғир ва енгил турдаги транспорт воситалари бирдай ҳаракатланиши мумкин.

“Халқаро аҳамиятдаги М-39 Тошкент—Термиз автомобил йўлининг 1079-1080-километрлари оралиғида Чўпонота тепалигида ёғингарчиликлар ва бир қатор омиллар таъсирида пайдо бўлган ёриқлар натижасида юзага келиши мумкин бўлган кўчки хавфи бартараф этилди. Ҳозирги вақтда автомобил йўлининг ушбу қисмида транспортлар ҳаракати тўлиқ тикланиб, транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланиши таъминланганини маълум қиламиз”, дейилади хабарда.

Мавзуга оид