Фан-техника | 23:05 / 16.02.2024
43727
2 дақиқада ўқилади

Apple эгилувчан экранли iPhone ишлаб чиқариш лойиҳасини тўхтатди

Бунга носоз экран сабаб бўлгани айтилмоқда. Apple ишончли экран ишлаб чиқилгунга қадар лойиҳани кечиктиради.

Фото: AP

Apple синовдаги қурилма муваффақиятсизликка учрагач, букланадиган iPhone ишлаб чиқиш лойиҳасини кечиктирди. Бу ҳақда MacRumors портали Fixed Focus Digital инсайдерига таяниб хабар берди.

Манбага кўра, синовдаги қурилма экрани бир неча кунлик синовлардан сўнг муваффақиятсизликка учраган ва бу Apple компаниясини лойиҳани ўз стандартларига мос келадиган дисплей ишлаб чиқилгунга қадар кечиктиришга мажбур қилган.

Миш-мишларга кўра, Apple 2016 йилдан бери эгилувчан дисплейли iPhone ишлаб чиқаришга уринмоқда. Шу вақт ичида компания Samsung ва LG экранларини синовдан ўтказди. Бундан ташқари, аввалроқ Apple бир вақтнинг ўзида «раскладушка» форматидаги иккита iPhone прототипи устида ишлаётгани хабар қилинган эди.

Янги маълумотлар қандайдир тарзда букилувчан iPad ишлаб чиқариш билан боғлиқми ёки йўқми номаълум. ОАВ маълумотларига кўра, Apple букланадиган планшетни яратишдан кўпроқ манфаатдор, чунки бундай қурилмага қўйиладиган талаблар iPhone смартфонига нисбатан пастроқ бўлади.

Аввалроқ, The Elec нашри Apple ўзининг 7-8 дюйм экранли биринчи букиладиган қурилмасини чиқаришни кўриб чиқаётгани ҳақида хабар берган эди. Охир-оқибат у iPad мини ўрнини босиши мумкин.

Мавзуга оид