Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасида саноат мажмуаси қурилади
У ерда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар учинчи давлатлар билан бир қаторда ҳар икки давлат бозорларига ҳам экспорт қилинади.

Фото: Kazinform
2024 йил август ойида Қозоғистон ва Ўзбекистон чегарасида «Марказий Осиё» саноат кооперацияси мажмуаси қурилиши бошланади. Бу ҳақда Ўзбекистонга амалий ташриф билан келган ва мазкур лойиҳа ҳолатини муҳокама қилган Қозоғистон Республикаси Савдо ва интеграция вазири ўринбосари Қайрат Тўребаев маълум қилди.
Қозоғистоннинг Туркистон ва Ўзбекистоннинг Сирдарё вилоятида қуриладиган саноат мажмуаси қарийб 100 гектар майдонни эгаллайди. Лойиҳага кўра, у ерда ёпиқ мажмуа қурилади, ишлаб чиқариш ва улгуржи савдо учун қулай шароитлар яратилади.
«Биз асосий инвесторни аниқладик. У давлат ва хусусий капитални бирлаштириб, саноат зонасини қуради. Қозоғистон 50 гектар ер ажратди. Уни 100 гектарга етказиш режалаштирилган. Кооператив қурилиши шу йилнинг август ойида бошланади. Ишчи гуруҳ йиғилишида Ўзбекистон пахтани қайта ишлаш корхонаси билан шартнома имзоланди. Мажмуанинг 15 гектар майдони корхонага берилади. Компания ўз ишлаб чиқаришини йўлга қўяди», деди Қайрат Тўребаев.
Қайд қилинишича, у ерда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар учинчи давлатлар билан бир қаторда ҳар икки давлат бозорларига ҳам экспорт қилинади. Натижада Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 10 миллиард долларга етиши кутилмоқда.
«Биз қурилишни 2027 йилгача якунлаймиз. Айни пайтда ҳар икки томонда жойлашган ва тадбиркорлик фаолиятини бошлайдиган инвесторлар билан музокаралар олиб борилмоқда. Бу ерда нафақат маҳаллий, балки хорижий бизнес вакиллари ҳам ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ниятида. Унгача зарур инфратузилмани яратамиз», деди Сирдарё вилояти сармоя ва савдо бошқармаси бошлиғи ўринбосари Бекмурод Акбаров.
2030 йил мажмуанинг тўлиқ ишга туширилиши ва тижорат мақсадларида фойдаланиш даври сифатида белгиланган.
Мавзуга оид

16:13 / 24.03.2025
Афғонистонда Ўзбекистон қурилиш материаллари учун савдо уйи очилади

12:06 / 02.03.2025
Қозоғистонда ичида ўзбекистонликлар бўлган автобус ЙТҲга учради

18:14 / 28.02.2025
Нукусдан Қозоғистонга янги поезд қатнови йўлга қўйилади

21:03 / 27.02.2025